Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Термиз тумани ҳокимлиги
Расмий муносабат
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати 2021 йилнинг 16 июнь куни Effect.uz сайти You tube каналида “Сурхондарёда яширинган сирлар: Ҳокимият вакилларининг кирдикорлари, кўкрак очаётган аёллар!” сарлавҳа остида эълон қилинган интервью юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
 
Сайт мухбирига интервью берган фуқаро Нодир Норбоев 2017-2020 йиллар давомида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонасида бош мутахассис вазифасида ишлаб келган.
 
Интервьюда фуқаронинг 2021 йил 6 январь куни Сурхондарё вилояти, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари расмий сайтлари ҳакерлар ҳужумига учраши билан боғлиқ ҳолат уни қаматиш учун тузилган сценарийнинг бир қисми эканлиги ҳақида келтирган важлари мутлақо асоссиздир. Ҳокимлик вакиллари томонидан уни қаматиш учун ҳеч қандай сценарий ҳам тузилмаган, бунга уринишлар ҳам бўлмаган.
 
Интервью берувчининг “... ҳокимлик ёнида тўпланган аёллар халққа қараб кўкрагини очган”, деган гапи эса шарм-у ҳаёли, ор-номусли хотин-қизларимизнинг шаънига айтилган ҳақоратомуз фикрдан бошқа нарса эмас. Вилоят ҳокимлигига мурожаат этган аёллар билан боғлиқ бундай ҳолат асло бўлмаган. Фуқароларнинг мурожаатлари ҳамиша тингланади, муаммолар ечими юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриб келинади.
 
Фуқаро Сурхондарё вилояти, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари расмий сайтларининг ҳакерлар ҳужумига учраши билан боғлиқ ҳолатни уларнинг амалдаги меъёрий талабларга жавоб бермагани билан изоҳлайди. Аммо, расмий сайтлар ҳакерлар ҳужумига учрашидан бироз муддат аввал уларни шахсан ўзи юритганлиги, интернет тармоғида ушбу расмий сайтлар хавфсизлигини таъминлашга, кибер таҳдидлардан ҳимоя қилиш чораларини кўришга масъул бўлганлиги ҳақида эса гапирмайди.
 
Н.Норбоев ўз интервьюсида ҳокимлик ишлар бошқарувчиси иш кабинетида у билан ўзаро келишмовчилик келиб чиққани, калтаклангани, вилоят ҳудудидан чиқиб кетиш шарти қўйилгани, онасини ҳақорат қилгани, аёллар билан муносабати, ўзига ёқмаган кимсаларни қаматишгача бораётгани ҳақида ёлғон маълумотлар келтириб, ҳокимлик вакилини асоссиз айблайди, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган уйдирмаларни тарқатади.
 
Қолаверса, фуқаро томошабинларда гўёки, вилоят ҳокимининг оёғи ердан узилган деган фикр уйғотиб, унинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини камситишга ҳам уринади.
 
Сайт мухбирига интервью бераркан фуқаро Н.Норбоев вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда фаолиятга оид эълон қилинаётган танқидий материалларга билдираётган расмий муносабатларида ёлғон аралашаётганини айтади. “Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати Деновда (аслида Бойсунда) эски бозорни буздириш учун борган бульдозерни халқаро оптик толали алоқа кабелини ётқизиш, кўчада қазиш ишларини бажариш учун киритилди, деб баёнот берди ва кейинчалик бу ёлғон ортидан уялиб қолди”, дея бунга мисол келтиради.
 
Аслида 2020 йилнинг май ойида ижтимоий тармоқлар орқали “Бойсун тумани ҳокими эски бозорни буздириб, савдогарларни янги бозорга ўтказмоқчи”, деган мазмунда эълон қилинган материал юзасидан вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати эмас, балки Бойсун тумани ҳокимлиги расмий баёнот берган.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати фуқаро Нодир Норбоевнинг Effect.uz сайти мухбирига берган интервьюсида келтирилган барча ҳолатларни рад этиб, юртдошларимиздан аҳоли орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига, уларда салбий фикр ва ишончсизликни шакллантиришга олиб келадиган ушбу мазмундаги ёлғон маълумотларга ишонмасликни сўрайди.
 
Эслатиб ўтамиз, қонунчиликда ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш – БҲМнинг 50 баравари миқдорда жарима солишга, шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса БҲМнинг 150 бараваригача (33 млн 450 минг сўм) миқдорида жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланишига сабаб бўлади.
 
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс