ИҚЛИМ МАЪЛУМОТИ
TERMIZ TERTU.UZ
МУРОЖААТ ҚИЛИНГ
ОВОЗ БEРИНГ

Сайтга нима учун ташриф буюрасиз?

Туман тарихи


Термиз тумани тарихи ва туман ҳақида 
МАЪЛУМОТ

Термиз тумани – Сурхондарё вилоятидаги туман. 1926 йил 29 сентабрда ташкил этилган. Жанубий ва ғарбдан Афғонистон, шарқдан Тожикистон, шимолидан вилоятнинг Термиз шаҳри, Ангор ва Жарқўрғон, шимоли-ғарбдан Музработ туманлари билан чегарадош. Майдони 0,86 минг км². Аҳолиси 77,5 минг киши (01.10.2020 й). Туманда 29 та маҳалла фуқаролар йиғинлари, 7 та шаҳарчалар, 28 та аҳоли яшаш пунктлари ва 5 та қишлоқ фуқаролар йиғини мавжуд. Туман маркази - Учқизил қўрғони. 
 
Табиати
Термиз тумани республиканинг энг жанубида, Термиз шаҳри яқинида жойлашган. Туман ҳудудининг шарқий қисми Ҳисор тоғ тизмасининг давоми Тўйинтоғ, Кайкитоғ ва унинг этаклари, Хотинработ ва Қизириқ чўллари ҳамда унинг давоми - Қорақир, Учқизил, Каттақум массиви, Эски Термиз адирлари ва қирлари билан банд. Бу ерлардан яйлов сифатида фойдаланилади. Жанубий ва ғарби - Сурхондарёнинг Амударёга қуйилган қисми ва Амударё, Сурхондарё соҳилларидан иборат бўлиб, тупроғи тақир ва шўрхок. Амударё, Қорасув, Шеробод дарёлари туман ҳудуди орқали ўтади. Фойдали қазилмалардан нефт топилган. Тупроғи, асосан, оч сарғиш қум аралаш тупроқ. Адир ва сойликларда (шимоли-ғарбида) қўнғир қум тупроқ бўлиб, чириндиси анча кам. Сурхондарё соҳилларида тўқай қўнғир тупроғи ва қум тупроқ учрайди. Ўсимликлардан оқ саксовул, черкез, тароқбош, ялтирбош, янтоқ; дарё бўйларида юлғун, жийда, терак, қиёқ, қамиш; тоғларнинг баланд қисмида бетага, дарахт ва буталардан арча, ёввойи мевали дарахтлар ўсади. Амударё водийсида тўқайзорлар бор.

Ёввойи ҳайвонлардан дарё бўйларидаги қамишзор ва чўлларда қирғовул, каклик, тустовуқ, қуён, жайра, бўри, чиябўри, тулки, ёввойи мушук учрайди. Термиз тумани ҳудудида Сурхондарё қўриқхонаси жойлашган.

Туманда Занг канали (Сурхондарёдан сув олади), Ғалаба, АмуЗанг (Амударёдан сув олади) суғориш каналлари, Учқизил сув омбори қурилган. Иқлими кескин континентал. Июл ойнинг ўртача температураси 31,4°, энг юқори температура 48° га етади. Январ ойининг ўртача температураси 2,8°, энг паст температура -21°. Туманнинг жануби-шарқий қисмида "Афғон шамоли" эсади ва экинларга зарар етказади. Вегетация даври 226 кундан 266 кунгача. Ёзда транинг юқорилиги, илиқиссиқ кунларнинг узоқ давом этиши туманда иссиқсевар субтропик ўсимликлар - ингичка толали пахта, хурмо ва ҳатто шакарқамиш, апелсин, мандарин етиштиришга имкон беради.
 
Аҳолиси
Аҳолиси, асосан, ўзбеклар (84,1%), шунингдек, туркман, тожик ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. 1 км² га 138,7 киши тўғри келади.
 Иқтисодиёти
Туман хўжалигининг асосий тармоклари - пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, мевачилик, полиз ва сабзавотчилик. Ингичка толали пахта етиштириш илк бор Термиз туманида синаб кўрилган. Туман ҳудудида Ўзбекистон пахтачилик илмий тадқиқот институтининг Сурхондарё филиали ишлаб турибди. Бу ерда селексионер олимлар сўнгги йилларда ингичка толали серҳосил ва тезпишар пахта навларини яратмоқдалар. "Термиз 1", "Термиз 16", "Термиз 24", "Термиз 31", навларидан юқори ҳосил олинмоқда.

Термиз туманида Масъулияти чекланган жамиятлар 686 та (МЧЖ), Қўшма корхоналар 15 та (ҚК), Хорижий корхоналар 25 та (ХК), Хусусий корхоналар 395 та (ХК), Оилавий корхоналар 80 та (ОК), Якка тартибдаги тадбиркорлар 715 та (ЯТТ) жами тумандаги Хўжалик юритувчи субъектлар сони 1916 тани ташкил этади.

Тумандаги 9,6 минг га суғориладиган ерда деҳқончилик қилинади, шундан 5,6 минг га ерга пахта, 15,4 минг га ерга ғалла, 560,2 га ерга сабзавот, 122,2 га ерга картошка, 104 га ерга полиз экинлари экилади. 394 га мевазор, 242 га ер токзор билан банд. Иҳота дарахтзорлари, ўрмонзорлар мавжуд. Термиз туманида 2 та кластерлар, 220 та фермер хўжалиги ва 146 та қишлоқ хўжалик корхоналари фаолият юритади. 2 та Паррандачилик фабрикаси ишлаб турибди.

Туманда жами 44,2 минг қорамол (шу жумладан, 28,6 минг сигир), 97,7 минг қўй ва эчки, 606,6 минг парранда, 223 та от боқилади. Туман ҳудудидан темир йўл линияси ўтган. Туман маркази (Учқизил қўрғони)дан Термиз шаҳрига автобуслар, йўналишли машрутлар қатнови йўлга қўйилган.
2020/21 ўқув йилида тумандаги 28умумий таълим мактабида 17,8 минг ўқувчи, 1 та касб-ҳунар мактабида 190 нафар ўқувчи таълим олди. Туманда шунингдек мактабдан ташқари таълим учун Болалар мусиқа ва санъат мактаби, Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Баркамол авлод болалар мактаблари фаолият кўрсатади. Туман Ахборот-кутутбхона маркази 16,8 минг дона китоб фондига эга. Туманда 2 маданият маркази, 1 та дам олиш маскани, 3 та санаторий, 1 шифохона ва шифохонанинг “Янгиариқ” бўлими, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 2 та Қишлоқ оилавий поликлиника, 3 та қишлоқ врачлик пункти ва 7 та тез тиббий ёрдам шахобчалари мавжуд. Шунингдек туманда Тошкент аграр университети Термиз филиали ва Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказлари фаолият юритади.
Туман ҳудудида “Термиз марвариди”, “Жайранхона” ва “Хурсандой” санаторий сиҳатгоҳлари мавжуд. Ушбу санаторийларда қум ваннаси, буғ терапияси, минерал сув, туз ғорлари каби даволаш усуллари бор. Беморларни муолажа қилишда минерал суви, қум ва тогда ўсувчи доривор ўсимликлардан тайёрланган ичимликлардан кенг фойдаланилади. Сайёхлик маскани барпо этилган.
Термиз тумани ҳудудида 26 та археологяи ёдгорликлари, 13 та архитектура ёдгорликлари мавжуд. Диққатга сазовор қадамжолар “Ал-Ҳаким Ат- Термизий” мажмуаси, “Фаёзтепа” ва “Қоратепа” ёдгорликлари ҳамда “Зурмола” миноралари шулар жумласидан. Шунингдек туман ҳудудида Эски Термиз харобалари (умумий майдони 300 га) сақланиб қолган.