“Янги Ўзбекистон - янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда. Замонавий суд процессининг ўзига хос хусусиятларидан бири – ишни қонуний ва оқилона ҳал этишда процессуал куч ва воситалардан оқилона фойдаланиш мақсадларида самарали процессуал шаклларни қўллаш билан боғлиқ бўлиб, процессуал келишув институти айнан процессуал шакллардан бири ҳисобланади.
Барчамиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, хозирги шиддат билан ривожланиб бораётган иқтисодий-сиёсий шароитда тадбиркорларнинг таваккалчиликка асосланган фаолиятини олиб боришда, ундаги контрагентларнинг ишонч, ҳурмат ва ўзаро ҳамкорлик асосида бизнесни ташкил этишда баъзан муаммоларга дуч келиши шубҳасиз. Бу, ўз навбатида ўзаро ҳамкорликнинг барҳам беришига, хатто баъзида зарар етказилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Мазкур ҳолатларда низони келишув йўли билан ҳал этиш тарафлар учун муҳим аҳамият касб этади.
Келишув битими – низо томонлари ўртасидаги битим бўлиб, унинг матнида муаммони ҳал этишнинг тарафлар мақбул топган йўллари, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек шартларга риоя қилинмаган ҳолларда бунинг учун тегишли жавобгарлик белгиланади. Бундай келишув ўртадаги баҳсли вазиятни, муаммони бартараф этади. Бошқа ҳар қандай шартномадан энг асосий фарқли жиҳати шундаки, ушбу битим суд томонидан тасдиқланиши зарур бўлиб, эришилган келишув суд томонидан тасдиқланган тақдирда суд қарори кучини беради.
Ўзбекистон Республикаси ИПКнинг 16-боби яраштириш тартиб-таомилларига бағишланган бўлиб, унда суд тарафларнинг келишуви учун чоралар кўради, уларга иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашиши белгиланган. Келишув битими даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин бўлиб, низоларнинг туркумига кўра бирор бир чеклов белгиланмаган. Шунингдек, келишув битими иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида, шу жумладан суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида тарафлар томонидан тузилиши мумкин.
Келишув битими ёзма шаклда тузилиши лозим бўлиб, уни тузган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади, суд томонидан тасдиқлангандан сўнггина тузилган ҳисобланади. Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта ортиқ нусхада тузилиб имзоланади ва ушбу нусхалардан биттаси иш материалларига қўшилади. Унда тарафлар томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари ҳақидаги ҳақидаги қоидалар кўрсатилиши керак. Эътиборли жиҳати шундаки, тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши тарафларнинг бир-бирига ёки бошқа воқеаларга ёки ҳаракатларга боғлиқ қилиб қўйилиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг
18.12.2009 йилдаги “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида”ги 204-сонли Қарорида келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви эканлиги, ишда иштирок этмаган шахслар низони ҳал қилиш тўғрисидаги келишув битимида иштирок этиши мумкин эмас, (тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бундан мустасно), ИПК 163-моддаси биринчи қисмининг 8-бандига мувофиқ суд ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида тарафларни муросага келтириш чораларини кўриши, шу муносабат билан даъво аризасини қабул қилиш ва ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажримда суднинг тарафларга низони келишиш йўли билан ҳал этиш ҳақидаги таклифи кўрсатилиши лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Қайд этиш керакки, судларга келишув битимининг шакли ва мазмуни, уни тузиш тартибига қўйиладиган талабларга риоя этилган ҳолда тузилган келишув битимини тасдиқлаш суднинг ҳуқуқи эмас, балки мажбурияти эканлиги тушунтирилган.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб, бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд ҳаражатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин. Агар келишув битимида суд ҳаражатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида умумий тартибда ҳал этади.
Суд томонидан тасдиқланган, келишув битимида назарда тутилган муддатларда ихтиёрий ижро этилмаган келишув битими уни тузган шахснинг илтимосномаси бўйича суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида, битимнинг ушбу Кодекс V бўлими қоидаларига биноан, суд харажатларини ундиришга тааллуқли қисми эса суднинг ташаббуси билан мажбурий ижро этилиши лозим.
ИПК аранг: Мазкур Кодекснинг 130 — 132, 134-моддалари.
134-моддасида келишув битимини тасдиқлашни рад этиш асослари келтирилган бўлиб, унга кўра:
1) унинг шартлари қонунчиликка зид бўлса;
2) унинг шартлари учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса;
3) у шарт асосида тузилган бўлса суд келишув битимини тасдиқлашни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Шунингдек, ИПК 133-моддаси талабига кўра суд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқариб, унда унда иш юритиш тугатилганлигини кўрсатади. Келишув битими суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган тақдирда битим ишни кўрган биринчи инстанция судига тасдиқлаш учун тақдим этилади.
Ижро босқичида тузилган келишув битимини тасдиқлаш масаласи келишув битими судга тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда, ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар бўйича кўрилади.
Суднинг ижро босқичида тузилган келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримининг хулоса қисмида келишув битимининг шартлари ва келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги хулоса бўлиши керак.
Келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги суд ҳужжати устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
Келишув битимини тузган шахслар уни ушбу битимда назарда тутилган тартибда ва муддатларда ихтиёрий равишда бажаради.
Хулоса ўрнида айтганда, мазкур институт тадбиркорлик соҳасида ҳамкорликнинг янада кенгайишига, тарафлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстона муносабатларнинг сақланиб қолишига, иқтисодий судларда эса низоларнинг тез ва қонуний ҳал этилишига, шунингдек судларда низоларнинг камайишига сезиларли таъсирини кўрсатади.
Термиз туманлараро иқтисодий суди судьяси Б.М.Абдуллаев
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025