Болалар зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилинади
Мамлакатимизда “ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди”, деган тамойил асосида болаларга ғамхўрлик қилиш, уларни доимо қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан бирига айланди.
Мазкур қонун болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этишга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Зўравонликдан жабрланган болалар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиниш;
- ўзига нисбатан зўравонлик содир этилганлиги ёки содир этилиши таҳдиди тўғрисидаги ариза билан бевосита ёки ўзининг қонуний вакили орқали тегишли давлат органларига ва ташкилотларга ёхуд қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга мурожаат этиш;
- текин ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам, шу жумладан бепул телефон линияси тармоғи (ишонч телефони) орқали тақдим этиладиган ёрдам олиш;
- ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан бевосита ёки ўзининг қонуний вакили орқали тегишли давлат органларига мурожаат этиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса бу ҳақда хабардор қилиш;
- ўзига нисбатан содир этилган зўравонлик натижасида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ва маънавий зиённинг компенсация қилиниши.
Шунинг жабрланувчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор, суд томонидан амалга оширилади.
Зўравонликдан жабрланувчи ва унинг қонуний вакили моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманларо суди судяси Б.Санаев