Коррупцияга қарши курашиш бўйича туман кенгаши йиғилиши ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев раислигида 2025 йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги таҳлил қилиниб, бу борада ҳали етарли натижаларга эришилмаганлиги таъкидланди. Хусусан, тармоқ ва ҳудудий даражада коррупцияга қарши чора-тадбирларнинг етарлича ташкил этилмагани натижасида коррупцион жиноятлар содир этилишининг олди олинмаётгани қайд этилди. Шу сабабли, аҳолининг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, коррупциявий хавфларни камайтириш ҳамда ушбу йўналишда тизимли ишларни ташкил этиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Шу муносабат билан туман миқёсида ҳам коррупцияга қарши курашиш чоралари кучайтирилиб, тегишли кенгаш йиғилиши ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг "Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида"ги Қонуни ва "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги Қонуни талаблари муҳокама қилинди.
"Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида"ги Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, манфаатлар тўқнашуви шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки кўрсатиши мумкин бўлган ҳолат сифатида белгиланган. Ушбу қонуннинг 8-моддасида давлат органлари ёки бошқа ташкилотларнинг ходимларига тижорат ташкилотларининг таъсисчиси (акциядори, иштирокчиси) бўлиш тақиқланганлиги белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 мартдаги 103-сон қарорига асосан давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган. Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 8 августдаги "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги Қонунининг 13-моддасига мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти субектларини ташкил этиши, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлиши, шунингдек, тадбиркорлик субъектида бошқарув функцияларини бажариши мумкин эмаслиги белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган "Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари"нинг 13-бандида давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда тадбиркорлик ёки ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланмаслиги лозимлиги қайд этилган. Фақат педагогик, илмий ва ижодий фаолият билан шуғулланиш бундан мустасно экани белгиланган.
Йиғилишда туман ҳокимининг ўринбосарлари, туман ҳокимлиги бўлим ва гуруҳ раҳбарлари, мутахассислар, тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар. Улар учун коррупцияга қарши курашиш борасидаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, ижро интизомига риоя қилиш, келиб тушган барча ҳужжатларни ўз вақтида бажариш, ишларни тизимли ва самарали ташкил этиш вазифаси белгиланди. Шунингдек, хизмат мажбуриятларини виждонан бажариш ҳамда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан расман огоҳлантирилди.
Мазкур йиғилиш коррупсияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни янада кучайтириш, давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда давлат хизматчиларининг фаолиятини шаффоф ва қонуний ташкил этиш борасида муҳим аҳамият касб этади.