Иқтисодий барқарорликка эришиш йўлидаги энг муҳим устувор вазифалардан бири, шубҳасиз, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга тенг рақобат муҳитини яратишдир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги “Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 2023 йил 1 январдан Республиканинг 208 та туман ва шаҳарлари ихтисослашуви ҳамда кичик бизнес учун мавжуд шароитдан келиб чиқиб 5 та тоифага ажратилди. Хусусан вилоятнинг Бандихон, Қизириқ ва Олтинсой туманлари 5-тоифага, Бойсун, Музработ, Узун, Шеробод ва Шўрчи туманлари 4-тоифага, киритилди ва уларга қуйидаги солиқ имтиёзлари берилди.
2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар:
- 5 тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари:
фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ (АОС) ва ижтимоий солиқни 1% (ЯТТлар ЖШОДСнинг қатъий белгиланган суммаларини тўлашдан озод қилинади);
юридик шахслар мол-мулк ва ер солиғини мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган суммани 1 фоизи миқдорида тўлайди;
- 4 тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари учун АОСнинг базавий солиқ ставкаси 3% этиб белгиланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига:
- 4 тоифадаги туманлар бўйича юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғига Солиқ кодекси билан белгиланган энг кам қийматларга 0,3 гача;
- ЯТТлар учун қатъий белгиланган миқдордаги ЖШОДС бўйича 0,5 гача камайтирувчи коэффициент киритиш ҳуқуқи берилди.
Юртбошимиз фармонига асосан вилоятдаги 4 ва 5 тоифага киритилган 8 та туманларга жорий йилда ўртача 95 323,7 млн сўм солиқ имтиёзлари қўлланилиши кутилмоқда.
Солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра 2023 йил 1 январдан ҚҚС ставкаси 15% дан 12% га туширилди. 4% дан 25% гача бўлган АОСнинг ягона 4% лик ставкаси ўрнатилди. Бунда айрим солиқ тўловчилар учун 1-3% лик ставкалар сақлаб қолинди.
Шунингдек, 2023 йил 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни қатъий белгиланган суммада тўлаш тартиби жорий этилди. Бунда солиқ тўловчиларга жами даромади 500 млн сўмдан ошмаганда йилига 20 млн сўмлик, жами даромад 500 млн сўмдан ошганда эса йилига 30 млн сўмлик қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқи берилди. Аҳамиятли жиҳати, қатъий белгиланган суммадаги солиқнинг солиқ тўловчисидан дивидендлар тарзидаги олинган даромадларига солиқ солинмайди. Шунингдек, қатъий белгиланган суммадаги солиқнинг солиқ тўловчиси мазкур солиқ бўйича ва дивидендлари тарзидаги даромадларга тааллуқли қисм бўйича солиқ ҳисоботларини тақдим этиш мажбуриятидан озод қилинади. Маълумот учун, жорий йилнинг дастлабки ойида туманимиздаги 196 нафар АОС тўловчилар қатъий белгиланган суммадаги солиқни тўлашга ўтдилар.
Таъкидлаш жоизки, норасмий бандлик улушини қисқартиришда ўзини ўзи банд қилиш муҳим ўрин тутмоқда. Бугунги кунда туманимизда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар 4546 нафар бўлиб, 2023 йилнинг январь ойида 146 нафар туманимиз фуқаролари ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида давлат рўйхатидан ўтди.
Ўтган январь ойида “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимизда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг ҳузурига борган ҳолда 78 та муаммолари ўрганилиб, ушбу муаммоларнинг 59 таси солиқ органлари ходимлари кўмагида ҳал этилди ва 19 та масала юзасидан тушунтиришлар берилди. Жумладан 38 нафар тадбиркорларга дастлабки бухгалтериясини юритишда кўмаклашилиб, 20 нафар тадбиркорларга “E-imtiyoz”, “E-ijara” ҳамда “E-aktiv” автоматлаштирилган ахборот тизимларидан фойдаланиш тартиблари тушунтирилди.
Жорий йилнинг дастлабки ойида “E-imtiyoz” дастури асосида туманимиздаги 12 та корхонага ер солиғидан 564,5 млн сўм, 9 та корхонага мол-мулк солиғидан 781 млн сўм миқдорида солиқ имтиёзлари қўлланилди.
“Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорининг қабул қилиниши тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Қарорга кўра:
- тадбиркорларнинг 2023 йил 1 январга нисбатан 1 февраль ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) солиқ қарзини 2023 йил 1 мартдан 1 июлгача фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;
- тадбиркорларнинг солиқ қарзига пеня ҳисоблаш 2023 йил 1 апрелгача тўхтатилади.
- ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга 2023 йил 1 апрелгача жарималар қўлланилмайди.
Шунингдек, тадбиркорлар 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь-февраль ойларида давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини 2023 йил 1 мартдан 1 июлгача тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин.
Одилжон Якубов, Термиз туман солиқ инспекцияси бошлиғи
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024