Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мизиёев жорий йилнинг 16 март куни давлат солиқ қўмитасига ташрифи давомида соҳани такомиллаштириш, хусусан солиқ тизимини рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, шунингдек, “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берганди.
Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш, тадбиркорларни солиқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар билан таништириш мақсадида 28 март куни Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти бошчилигида тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди. Термиз шаҳрида ўтказилган учрашувда туманимиздан 120 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этишди.
Шунингдек, 2022 йилнинг 1-чораги давомида давлат солиқ инспекцияси мутахассислари томонидан жами 4 маротаба тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, қарийб 240 та тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда Термиз туманида 1042 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида вилоятимиздаги 500 та корхонанинг 500 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 450 дан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.
Термиз туман давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 215 та корхонадаги 354 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.
Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхонарларида 77 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 223 нафар, қурилиш корхоналарида 6 нафар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 48 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва бюджетга 159,3 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.
Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, 2020 йилда янги Солиқ Кодексини қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи эса 5 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди.
2022 йилнинг 1 чораги давомида туманимиз солиқ тўловчилари томонидан 13 млрд. 873,2 млн. сўм миқдорида солиқ тўланди.
Бюджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 10,8 млрд. сўми, яъни 77,8 фоизи юридик шахслар, 1,5 млрд. сўми ёки 11,0 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.
Солиқ турлари бўйича таҳлил этадиган бўлсак, тушумнинг 8,6 млрд.сўм ёки 61,6 фоизини жисмоний шахслар даромад солиғи, 1,4 млрд. сўм ёки 9,8 фоизини жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи ҳамда қолган 3,9 млрд. сўм ёки 28,6 фоизини эса бошқа солиқлар ва йиғимлар ташкил этди.
Жорий йилнинг I чораги мобайнида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали Термиз туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 23 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан 19 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди. Бугунги кунга қадар мурожаатлари ўз тасдиғини топган 6 нафар фуқароларнинг банк пластик картасига 3.0 миллион сўм маблағ ўтказиб берилди.
Ўтган 3 ой мобайнида 30 та корхоналарга ер солиғи, 21 та корхонага мол-мулк солиғи, 5 та корхонага ижтимоий солиқ, 4 та корхонага айланмадан олинадиган солиқ, 9 та корхонага сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиғидан имтиёзлар қўлланилди.
Ҳурматли тадбиркорлар! Термиз туман давлат солиқ хизмати органи ходимлари солиқ соҳасига оид барча саволларингизга жавоб бериш, билмаганларингизни ўргатиш ва “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида сизга яқиндан ёрдам беришга доимо тайёрдирлар.
Комилжон Рахмонов, Термиз туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи в.в.б
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024