Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Термиз тумани ҳокимлиги
Термиз туман давлат солиқ инспексияси бошлиғининг тадбиркорларга мурожаати
Эълонлар / 2022-04-30

Ҳурматли тадбиркорлар!

Тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эркин фаолият юритишларини таъминлаш ва тадбиркорлик ривожи йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш иқтисодий барқарорликка эришишнинг муҳим омилларидан биридир. Шу боис бугун мамлакатимизда тараққиёт локомативи, юрт таянчи бўлган сиз тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва фаолиятларингизни ривожлантириш учун барча имконият ва шароитларни яратиш устувор вазифалардан бири саналади. Айни мақсадда бир қатор солиқ имтиёзлари ҳам тақдим этилган бўлиб, бу юртимиз ишбилармонларига фаолиятларини ривожлантириш ва янада кенгайтириш имконини бермоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 11 мартдаги “Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-758-сонли қонуни билан Солиқ кодексига бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Солиқ кодексининг 483-моддаси ўн иккинчи-ўн бешинчи қисмлар билан тўлдирилиб, унга кўра:

Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Қизириқ, Музработ, Шеробод туманларида, тоғли ҳудудларида ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларида давлат рўйхатидан ўтиб, янгидан ташкил этилган ва ушбу туманларда (ҳудудларда) ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субектлари (бундан кластер мустасно) юридик шахслардан олинадиган ер солиғини, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, айланмадан олинадиган солиқни, якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммасини тўлашдан 2024 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод қилинади (Ушбу қисмнинг қоидалари 2021 йил 1 июлдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.);

Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудларида ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларида давлат рўйхатидан ўтиб, янгидан ташкил этилган ва ушбу ҳудудларда ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субектлари (бундан кластерлар мустасно) 2021-йил 10-сентябрдан 2024-йил 1-январга қадар бўлган даврда фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди.

Ушбу модданинг ўн иккинчи ва ўн учинчи қисмларида кўрсатилган тоғли ҳудудларнинг ҳамда ер майдонлари шўрланган ҳудудларнинг рўйхати халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан тасдиқланади. Таъкидлаш жоизки, бу каби солиқ имтиёзлари тадбиркорларга маблағларини тежаш ва тежалган маблағни фаолиятлари ривожига сарфлаш имконини беради.

“Солиқчи-тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида Термиз туман давлат солиқ хизмати органи ходимлари томонидан жорий йилнинг апрел ойи давомида кўплаб ишлар амалга оширилди:

- Туманда 34 та корхонага бошқа солиқ турларидан 76 млн 250 минг сўм миқдоридаги ортиқча солиқ тўловлари қайтариб берилди;

- 26 та тадбиркорлик субектининг 32 дан ортиқ муаммолари ўрганилиб, уларнинг 23 таси бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди;

- Солиқ ходимлари томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 215 та корхонадаги 390 нафар норасмий ишловчи фуқароларнинг фаолияти қонунийлаштирилди;

- 7 та корхоналарга ер солиғи, 3 та корхонага мол-мулк солиғи, 5 та корхонага ижтимоий солиқ, 9 та корхонага айланмадан олинадиган солиқ, 12 та корхонага сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ имтиёзлар қўлланилди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субектлари иштирокида 4 маротаба учрашувлар ўтказилиб, солиқ қонунчилигидаги янгиликлар ҳамда ҳисоботларни тўлдириш ва топшириш тартиблари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Комилжон Рахмонов, Термиз туман давлат солиқ инспексияси бошлиғи.

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс