Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Термиз тумани ҳокимлиги
Сурхондарё вилояти Термиз туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Комил Рахмоновнинг тадбиркорларга мурожаати ва 2022 йилнинг биринчи ярим йиллик ҳисоботи
Эълонлар / 2022-07-07

Юртимизда барча жабҳаларда бўлгани каби солиқ соҳасини ривожлантириш борасида ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, солиқ сиёсатини такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш, солиқ юкини изчил камайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ ҳисоботларини тубдан қисқартириш юзасидан амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ишбилармонлар сафини янада кенгайтириш ва инвестицион жозибадорликни оширишга хизмат қилмоқда.

Давлат солиқ хизмати органларида иш фаолиятининг “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида йўлга қўйилиши тадбиркорлар билан бевосита ҳамкорликни кучайтириб, йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни ўз вақтида тўғрилаш имконини бермоқда. Амалиётга татбиқ этилаётган автоматлаштирилган ахборот тизимлари инсон омилини камайтириб, солиқ муносабатларини енгиллаштиришга, солиқ қонунчилигидаги янгилик ва ўзгаришлар эса тадбиркорларга янада кўпроқ имкониятлар яратиб, хуфёна иқтисодиётни қисқартиришга хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида автоматлаштирилган “Автокамерал” дастури орқали туманимиздаги 10 та хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ ҳисоботларидаги хато ва камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан хабарномалар юборилди. 8 нафар тадбиркорлик субъектлари томонидан хато ва камчиликлар ўз вақтида тўғриланиши натижасида ҳисобланиши лозим бўлган 467,0 миллион сўм маблағ солиқ тўловчиларнинг ихтиёрида қолди.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 июн кунидаги «Солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш даврида бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони тадбиркорлар учун навбатдаги имкониятларни тақдим этди. Фармон билан 2022 йил 1 июлдан фойдаланилмаётган кўчмас мулк объектларига таъсирчан солиқ механизмини қўллаш бекор қилиниб, қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилиги соддалаштирилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, ўтган вақт мобайнида туманимизда фойдаланилмаётган 20 та  кўчмас мулк объектларига таъсирчан солиқ механизми қўлланилиши натижасида 150,0 миллион сўм миқдорида солиқ ҳисобланган. Таъсирчан солиқ механизмининг бекор қилиниши эса миллионлаб маблағлар тадбиркорлар ихтиёрида қолишини таъминлайди.

Сўнги вақтларда ташқи савдо қатнашчиларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам Ҳукуматимиз томонидан бир қанча енгилликлар ва имтиёзлар берилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 6 апрел кунидаги “Ташқи савдо фаолияти иштирокчиларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-97-сонли Фармонига мувофиқ божхона омбори режимида узоқ вақтлардан буён сақланиб келинган товарлар “Эркин муомалага чиқариш” режимига расмийлаштирилиши натижасида хўжалик юритувчи субъектларнинг импорт шартномалари бўйича йўл қўйилган муддати ўтган дебитор қарздорлиги сабабли уларга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган молиявий жарималар бекор қилинди.

“Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида олиб борилган кенг кўламли тарғибот ва тушунтириш ишлари натижасида 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида 402 та корхонада норасмий ишлаётган 797 нафар фуқароларнинг фаолияти легаллаштирилди.

Шунингдек, жорий йилнинг январ-июнь ойларида 2822 нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилган сифатида давлат рўйхатидан ўтди. Фаолиятини тўхтатган 27 нафар тадбиркорлар эса ўз фаолиятини қайта тиклади.

2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида туманимизда 151 та хўжалик юритувчи субъектларига нисбатан 322 млн сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ айрим тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида ўрнатилиши натижасида туманимизда 71 та корхонанинг ихтиёрида жами 102 миллион сўм маблағи қоладиган бўлди.

Тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида берилаётган бу каби солиқ имтиёзлари ва енгилликлари хусусий секторни ривожлантириш ва шу аснода иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Комил Рахмонов, 
Сурхондарё вилояти Термиз тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи.

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 15 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс