Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Термиз тумани ҳокимлиги
ТЕРМИЗ ТУМАНИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ИНСПЕКСИЯСИ БОШЛИҒИНИНГ ҲИСОБОТИ ВА ТАДБИРКОРЛАРГА МУРОЖААТИ
Эълонлар / 2022-10-05

Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда хусусий сектор ривожининг аҳамияти катта. Шу боис юртимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш уларнинг эркин фаолият юритишларини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

“Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи”! Давлат солиқ органларида мазкур тамойил асосида ишларнинг йўлга қўйилиши, тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиш, муаммоларини ўрганиш ва уларга биргаликда ечим топиш имконини бермоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туманимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субектларининг турли мазмундаги 460 та муаммолари ўрганилиб, улардан 323 таси бевосита солиқ органлари ходимлари кўмагида ҳал этилди. Жумладан фаолиятини тўхтатган 41 нафар тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилиб, фаолиятларини қайта тиклашга эришилди.

Ишбилармонлар сафининг кенгайишида берилаётган солиқ имтиёзлари ва енгилликлари ҳам муҳим аҳамият касб этади. 2022-йилнинг 3 чораги давомида туманимиздаги 184 та хўжалик юритувчи субектларга нисбатан 290 млн сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 27-январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ айрим тадбиркорлик субектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида ўрнатилиши натижасида туманимиздаги 118 та корхоналарнинг ихтиёрида жами 98 млн сўм маблағ қоладиган бўлди.

Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, “Автокамерал” дастурий маҳсули орқали туман миқёсидаги 39 та хўжалик юритувчи субектнинг солиқ ҳисоботларида хато ва камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан текширувдан олдинги таҳлил асосида хабарномалар юборилди.

Шундан 32 нафар тадбиркорлик субектлари томонидан йўл қўйилган 521 млн сўм миқдордаги солиқ ҳисоботларидаги камчиликлар ўз вақтида тўлиқ бартараф этилди. Натижада текшириш давомида қўлланилиши лозим бўлган 102 млн сўм молиявий жарималар қўлланилмасдан, ушбу маблағ тадбиркорлик субектлари ихтиёрида қолди.

Бундан ташқари, 3 чорак давомида солиқ тўловчилар томонидан тўланган ортиқча тўловлар ҳисоб-китоб қилиниб, ушбу маблағларни бошқа солиқ турларидан мавжуд солиқ қарздорлигини бартараф этишга йўналтириш юзасидан 60 ҳолатда жами 150 млн сўмлик хулосалар туман ғазначилик бўлимларига юборилди. Шунингдек, ортиқча тўланган суммаларни ҳисоб рақамига қайтариш борасида 9 ҳолатда жами 45 млн сўмлик хулосалар ҳам туман ғазначилик бўлимларига юборилди.

Энг муҳими, туман солиқ тўловчилари томонидан 3 чорак давомида 15 млрд сўм миқдорида солиқ тўланиб, белгиланган прогноз режаси 1.7 млрд сўмга ортиғи билан бажарилди. Бюджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 13 млрд сўм ёки 87 фоизи юридик шахслар, 2 млрд сўм ёки 13 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.

 

Одилжон Яқубов - Термиз тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 4 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс