Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича Президентимизнинг Фармон ва қарорлари қабул қилиниб, тегишли вазифалар белгилаб берилган. Топшириққа кўра Термиз туманида ҳам маҳаллалар ички йўлларини таъмирлаш, пиёдалар йўлаклари қуриш, ичимлик суви, электр энергияси таъминотини яхшилаш ва бошқа масалалар бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳар бир амалга оширилаётган ишлар юзасидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши эса, бу борадаги ишларнинг сифатли бўлишига хизмат қилади. Халқ депутатлари Термиз тумани Кенгаши ҳузуридаги “Халқпарвар” комиссияси ҳам соҳаларда жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида маҳаллаларда бу борада амалга оширилган ишлар юзасидан ўрганиш ўтказди.
Жумладан, “Бунёдкор” ва “Ат-Термизий” маҳаллаларидаги қурилган бетон қопламали ички йўллар ҳолати, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида “Янгиер” маҳалласида тиббиёт маскани, “Қаҳрамон” маҳалласидаги 5-сонли мактабдаги таъмирлаш ишлари кўздан кечирилди. Бетон қопламали йўлларни чеккалари тўлдирилмаганлиги, кичик кўприкларга ҳимоя тўсинлари ўрнатилмаганлиги танқид қилиниб, тегишли тартибда масъулларга камчиликлар тўғрисида ахборот берилди.
Шунингдек, тиббиёт маскани ва мактабда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли амалга ошириш бўйича тавсиялар берилиб, жараёнлар доимий жамоатчилик назоратида бўлиши таъкидланди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024