Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича Президентимизнинг Фармон ва қарорлари қабул қилиниб, тегишли вазифалар белгилаб берилган. Топшириққа кўра Термиз туманида ҳам маҳаллалар ички йўлларини таъмирлаш, пиёдалар йўлаклари қуриш, ичимлик суви, электр энергияси таъминотини яхшилаш ва бошқа масалалар бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳар бир амалга оширилаётган ишлар юзасидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши эса, бу борадаги ишларнинг сифатли бўлишига хизмат қилади. Куни-кеча Халқ депутатлари Термиз тумани Кенгаши ҳузуридаги “Халқпарвар” комиссияси томонидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ўрганиш ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Цемент-бетон қопламали автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 18 майдаги қарорига асоан Учқизил маҳалласи Марказ кўчасида олиб борилган ишлар ўрганилди. Ушбу лойиҳа “Файзи Мехринисо қурилиш” МЧЖ томонидан 2022 йил 31 декабрь кунига қадар топширилиши белгиланган бўлсада ишлар якунланмаган, бетон қопламалар чеккалари тўлдирилмаган.
Туманнинг “Гулбаҳор” маҳалласида 18-сонли мактаб ва 15-сонли мактабгача таълим ташкилотига зовурдан ўтиш кўприги, ички йўлларни тошлаш ҳолати, шунингдек, маҳаллада қурилиши бошланган автомобиль ва техникалар ўтиши учун мўлжалланган кўприк қурилиши кўздан кечирилди.
Ўрганилган ҳар бир ҳолат бўйича масъулларга тегишли чора-тадбирларни белгилаб олиш бўйича ахборотлар берилиб, олиб бориладиган ишлар устидан доимий жамоатчилик назорати ўрнатилиши таъкидланди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024