Халқ депутатлари Термиз туман Кенгашининг йигирма еттинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияни Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши раиси, туман ҳокими Ш.Уринов бошқариб борди. Сессияда Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутатлари, сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг тармоқлар бўйича ўринбосарлари, кун тартибидаги масалаларга алоқадор туман ташкилот ва идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Сессия кун тартибидаги биринчи масалага асосан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда тадбиркорликка яратилаётган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича эришилган ютуқлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар, келгусида мазкур йўналишларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тўғрисида “Менинг маъсулиятим ва жавобгарлигим” мавзусида туман ҳокими Ш.Уриновнинг мурожаати тингланди.
Мурожаатда туманда тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча иш ўринларини яратиш ва бюджетга тушумларни кўпайтириш бўйича биринчи ярим йилликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар хусусида батафсил ахборот берилди.
Жорий йил туманда инвестиция дастурига асосан 45 та, 779 млрд 231 млн сўмлик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган ва бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича 7,6 млн. долларлик дастур ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги кунда дастурга мувофиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилиб борилиябди.
Шунингдек, мурожаатда айрим сабабларга кўра фаолияти тўхтатилаётган 6 та тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатган ҳолда уларнинг сонини кескин қисқартириш, жорий йилда тадбиркорлик субъектларини сонини 30 фоизга кўпайтириш, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларини ижтимоий солиқлардан озод этиш, ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорларнинг давлат мулки ижарасини 50 фоизга арзонлаштириш, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб 70 фоиз ишчи ходимлари ёшлардан иборат тадбиркорлик субъектларига давлат мулки активлари аукцион савдоларисиз, 5 йил муддатга ижара пули тўланмаслик шарти билан берилиши (шунингдек, уларнинг ижара пуллари тўловининг 30 фоизи маҳаллий ҳокимлик ҳисобидан тўланади) таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ҳақида ҳам батафсил ахборот берилди.
Шундан сўнг, сессия кун тартибидаги қолган масалалар:
- Термиз тумани маҳаллий бюджетининг 2021 йил биринчи чорак ижроси ҳамда даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан маблағ ажратиш тўғрисида;
- “2021 йил - Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида маҳалла ва қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш бўйича туманда 2021 йил 1 чораги давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот;
- Термиз тумани Жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди раисининг 2021 йил 1-чорак ҳисоботи;
- Термиз туманлараро иқтисодий суди раисининг 2021 йил 1-чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.01.2019 йилдаги ПФ-5633 сонли Фармони 2-банди ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Термиз тумани Халқ қабулхонаси мудирининг ахбороти;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилнинг 14 майдаги ПФ-5718 сонли ҳамда Вазирлар Махкамасининг 2019 йилнинг 4 июлдаги 558-сонли Қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги Тадбиркорларнинг хуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича қабулхона мудирининг маърузаси;
Термиз туман ички ишлар бўлими бошлиғининиг 2021 йилнинг 1-чораги давомида жиноятчиликни олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ва бошқа масалалар кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024