Давлат Раҳбари ҳузурида “Хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги вазифалар” бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги топшириққа асосан Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси устидан депутатлик назорати олиб борилмоқда.
Бугун Термиз тумани ҳокимлиги катта мажлислар залида бўлиб ўтган муҳокама йиғилишида ушбу топшириқларнинг тумандаги ижроси муҳокама қилинди. Йиғилишда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири Сайдулла Абдураимов, туман секторлар раҳбар ва масъуллари, вилоят ва туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг тармоқлар бўйича ўринбосарлари, тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.
Йиғилишида вилоят Кенгаши қарорлари билан туманда тармоқлар ва соҳалар кесимида иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган прогнозларнинг бажарилишини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Белгиланган прогнозларнинг бажарилиши бўйича ҳар бир тармоқ ва соҳа бўйича ҳоким ўринбосарлари, тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг ахборотлари тингланиб, топшириқлар ижроси депутатлар томонидан муҳокама қилинди.
Режаларнинг бажарилишида хато ва камчиликларга йўл қўйган соҳа раҳбарлари огоҳлантирилиб, тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024