Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган салбий иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.
Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.
Биз қуйида коррупциянинг тарихий илдизларига ва унга қарши курашиш хусусида фикр юритмоқчимиз.
Коррупция (лот. Corrumpere — бузмоқ) термини одатда мансабдор шахслар томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.
Коррупцияга қарши курашган биринчи давлат сифатида қадимги Шумер давлати тан олинади. Қадимги давлатларни айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ ташвишга солганлиги бизгача сақланиб қолган манбалардан маълум. Чунки бу ҳолат давлатнинг обрўсига жуда қаттиқ путур етказарди. Дунёнинг барча динларида ҳам биринчи навбатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ қораланади. Жумаладан, Инжилда “Совғаларни қабул қилма, чунки совға кўрни кўрадиган қилади ва ҳақиқатни ўзгартиради” дейилган бўлса, исломнинг динининг муқаддас китоби Қуърони Каримда ҳам “Бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан олмангиз ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан ҳокимларингизга пора қилиб узатмангизлар” дейилган.
Ушбу иллатни тадқиқ қилган бир қатор йирик мутахассислар қуйидаги далилларни коррупцияни юзага келтирувчи омиллар сифатида кўрсатади.
Икки хил маънони англатувчи қонунлар - ушбу вазият ҳуқуқни қўлловчи мансабдор шахс томонидан қонунларни турлича қўллаш имконини яратади. Шунингдек, айрим мутахассислар жиноят, маъмурий қонунчиликдаги “вилка” санкцияларни ҳам коррупцияга қулай шароит яратиши мумкинлиги ҳақида фикр юритишган. Яъни, санкциянинг аниқ миқдори йўқлиги судьяда уни ўз ҳоҳишига қараб қўллашга шароит яратиб беради.
Аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги - аҳоли томонидан қонунларни билмаслик ёки тушунмаслик мансабдор шахсга ўзининг шахсий манфаати йўлида қонунлардан фойданишга қулай шароит яратади.
Коррупцияга қарши курашда юқори натижаларга эришган Швеция, Сингапур, Гонконг, Португалия каби давлатларнинг тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, коррупцияни юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш коррупцияга қарши курашда муҳим ўрин эгаллайди.
Бунда Конституциявий назорат органлари, ҳуқуқ-тартибот органларининг аҳамияти ортади. Яъни, коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган нормаларни конституциявий назорат органи томонидан конституцияга зид деб топиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш каби методлардан унумли фойдаланиш ушбу давлатларни коррупция даражаси жуда паст бўлган давлатлар қаторига олиб чиққан. Биз қуйида Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда қўлланилган усуллар ҳақида батафсил тўхталиб ўтамиз.
Сингапур давлати 1965 йил мустақилликка эришгач коррупция даражаси энг юқори бўлган давлатлар қаторида турар эди. Лекин бу иллатга қарши ўтказилган бир қатор тадбирлар бу давлатда коррупциянинг минимал даражага тушишига олиб келди. Биринчи навбатда бу ерда бюрократик жараёнлар енгиллаштирилиб суд тизимининг мустақиллиги оширилди (судьяларнинг даромадлари ва имтиёзларини ошириш эвазига). Шу билан бирга коррупция жиноятлари учун санкциялар оғирлаштирилиб, фуқароларга коррупцияга қарши жиноятларни тергов қилишда ҳамкорлик қилишда бош тортганлиги учун жуда катта молиявий санкциялар белгиланди. Бир қатор давлат идораларида оммавий “тозалашлар” ўтказилиб бу жараёнлар телеканаллар орқали бутун мамлакатга намойиш қилинди. Юқорида санаб ўтилган омилларнинг ҳаммаси Сингапурни қисқа муддатларда коррупция даражаси энг паст мамлакатлар рўйхатида илғор давлатлар қаторига олиб чиқди. Шунингдек, давлат хизматчисининг аҳлоқ стандартларига риоя этишини қаттиқ назорат остига олиш ҳам Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда муҳим дастаклардан бири бўлиб хизмат қилади.
Коррупцияга қарши курашда жаҳон мамлакатлари тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики фақатгина жиноий қонунчиликни оғирлаштириш йўли билан бу салбий иллатга қарши курашиб бўлмайди. Бу иллатни енгиш учун биринчи навбатда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқаролик институтлари фаолиятини кучайтириш лозим бўлади.
ЖИБ Термиз туман судининг раиси Ш.Ҳасанов
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024