Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Термиз тумани ҳокимлиги
Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда жорий йил 15 январь куни эълон қилинган Термиз тумани “Бунёдкор” маҳалласида 3 кундан буён электр энергияси йўқлиги ва суюлтирилган газ баллони етказиб берилмаганлиги тўғрисидаги видеомурожаат юзасидан туман ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади:

Мазкур ҳолат юзасидан Термиз тумани ҳокими, сектор раҳбарлари ва алоқадор ташкилотлар раҳбарлари “Бунёдкор” маҳалласига бориб, ушбу видеомурожаат муаллифи, фуқаро Рўзимуротов Шохрух ва бошқа фуқаролар билан учрашди.

Фуқаролар билан ўтказилган суҳбат давомида видеомурожаатда айтилганидек, маҳаллада 3 кунлаб электр энергиясида узилиш ҳолати содир бўлмаганлиги, фақат бир кун, 10 январь куни кучли шамол натижасида маҳалладаги трансформатор пунктида носозлик содир бўлганлиги сабаб электр энергияси таъминотида узилиш бўлган. Ушбу ҳолат туман ҳокими бошчилигида масъуллар жойида ўрганиб, туман Электр тармоқлари корхонаси мухандислари томонидан бартараф этилган.

Ҳозирги кунда содир бўлаётган кунлик маълум вақт оралиғидаги узилишлар республика бўйлаб жорий қилинган чекловлар натижасида белгиланган режа-график бўйича ўчирилаётганлиги тушунтирилди.

Бундан ташқари фуқаро видеомурожаатида суюлтирилган газ баллонлари вақтида етказиб берилмаётганлигини маълум қилган. Ушбу ҳолат ўрганиб чиқилганда жорий йил 13-14 январь кунлари “Термизтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан “Бунёдкор” маҳалласи аҳолисига суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилганлиги, фуқаро Рўзимуротов Шохрухнинг ҳам суюлтирилган газ баллони алмаштирилганлиги маълум бўлди. Маҳаллага суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш оралиғи 30-35 кунни ташкил этмоқда. Суҳбат давомида ушбу ҳолатларни фуқароларнинг ўзи ҳам тасдиқлади.

Шунингдек, ўтказилган суҳбат жараёнида электр энергияси билан боғлиқ жорий ҳолат фуқарога тўлиқ тушунтирилиб, энергия тақчиллиги ҳолати республика бўйлаб кузатилаётганлиги, бу вақтинчалик бўлиб, белгиланган чеклов вақтидан ташқари электр энергиясида узилиш ҳолатлари содир бўлган тақдирда туман Штаби ва туман Электр тармоқлари корхонаси томонидан тезкор чоралар кўрилиб, “авария” ҳолатлари бартараф этилаётганлиги батафсил тушунтирилди.

Бундан ташқари фуқарога кўмир маҳсулотини Термиз туман кўмир омборидан белгиланган миқдорда бориб олиши мумкинлиги, ҳозирда омборда кўмир захираси мавжудлиги тушунтирилди. Шунингдек, фуқароларнинг ота-онасини даволатиш масаласидаги мурожаатлари ҳам ҳал этилиб, эртанинг ўзида туман шифохонасига даволаниш учун ётқизилиши белгиланди ва масъулларга бу борада тегишли кўрсатмалар берилди.

Шу ўринда ҳурматли фуқароларимиздан оммани чалғитувчи, нохолис фикрни юзага келтирувчи хабарларни эълон қилмасликларини сўраган ҳолда, энергия ресурслари таъминотидаги муаммолар юзасидан туман ҳокимлиги ҳузуридаги ташкил этилган куз-қиш мавсуми бўйича туман Штабига мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қиламиз. Келиб тушган мурожаатлар туман Штаби томонидан қонун доирасида ҳал этилиши таъминланади.

 

Термиз тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс