Термиз туманига янги ҳоким этиб тайинланган Шухрат Назаров бугун эрта тонгдан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва иқтисодиётни ривожлантиришда асосий устунлардан бири бўлган фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашди. Туманнинг 1-Сектори ҳудудида 18 та фермер хўжаликлари фаолият юритади.
Фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавжуд муаммолар, ғаллани озиқлантириш, пахта экилиши режалаштирилган майдонларга маҳаллий ўғит чиқариш, бўш майдонларни шудгорлаш ишларининг бориши таҳлил қилинди. Туман ҳокими қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари ва фермер хўжаликлари раҳбарларига амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди.
Шундан сўнг Шухрат Назаров туман тиббиёт бирлашмаси фаолияти билан танишди. Тиббиёт бирлашманинг марказий шифохонаси 140 ўринга мўлжалланган бўлиб, шунингдек, бирлашма таркибида кўп тармоқли марказий поликлиника, “Янгиариқ” ҳудудий шифохонаси, 2 та оилавий поликлиника, 5 та оилавий шифокорлик пункти фаолият юритиб келмоқда.
Туман ҳокими марказий шифохонада яратилган шароитлар, иситиш тизимининг ишлаш ҳолати, тозалик ва ободонлаштириш борасида олиб борилган ишларни кўздан кечирди. Беморлар даволаниши учун яратилган шароитлар ўрганилиб, шифокорлар билан суҳбатлашилди. Масъулларга шифохонада тозаликка эътибор қаратиш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024