Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Термиз тумани ҳокимлиги
"Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституцияси" халқимиз муаллифлигида яратилади

2022-йилнинг май ойи халқимиз ҳаётида ўзига хос воқеликка эга бўлган ой сифатида тарихга муҳрланди. Боиси 17-май куни мамлакатимиз парламентида энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлган икки сиёсий партия – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ташаббусини илгари суришга қаратилган қўшма йиғилиш бўлиб ўтди.

Шунингдек, 20-май куни Сенат ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлиси ўтказилиб, йиғилишда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш катта куч ва масъулият талаб қилиши бунда ҳар бир фуқаро фикрларини тинглаш зарурлиги қайд этилиб, ушбу вазифалар билан шуғулланувчи Конституциявий комиссия ташкил этилди. Ўтган бир ҳафтада Конституцияни такомиллаштириш учун фуқароларга ўз таклифларини билдиришнинг бир неча кўринишдаги имкониятлари яратилди. Жумладан, айни кунда юртдошларимиз Meningkonstitutsiyam.uz портали ҳамда махсус Телеграм-бот ва call-марказ орқали таклифларини билдиришлари мумкин.

Қисқа вақт ичида ушбу халқ вакиллари томонидан илгари сурилган ташаббус фуқароларимиз ва кенг жамоатчилик томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Хўш бунга сабаб нимада? Нега ушбу ташаббус қисқа вақт ичида мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёймоқда?

Сабаби, ушбу ташаббус минглаб фуқароларимиз кўнглидаги ўзгариш ва ислоҳотларга замин яратиб бериши билан аҳамиятлидир. Барчамизга маълумки, инсон улғайиб, тафаккур дунёси кенгайгани сари унинг ўзига бўлган талаби ҳам ортиб боради. Ўтган йиллар давомида жамиятимиз ва унда илгари сурилаётган ғоя ва ташаббусларда халқимизнинг иштироки ва улар томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазаларининг аҳамияти ҳар томонлама ортади. Бунинг натижасида жамиятимизнинг ҳам ислоҳот ва ўзгаришларга бўлган талаби кун сайин ортмоқда.

Фуқаролар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар асносида қабул қилиниши белгиланган қонун ва қарорларимиз янада такомиллаштирилиб, Конституциямизда белгилаб қўйилган халқчил моддаларга мослаштирилган ҳолда қабул қилинмоқда.

Аммо бугун шиддат билан ўзгараётган дунёда рўй бераётган гиёсиёсий вазиятлар, энг аввало, мамлакатимизни келгуси беш йилда ривожлантиришга қаратилган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси ва унда белгиланган мақсадларни амалга ошириш нафақат қонунларимизни мустаҳкамлашни, шу билан бирга, Бош қомусимизда ҳам инсон қадрини юксалтиришга қаратилган нормаларни янада такомиллаштириб, бугунги замон талабларига мослаштиришни тақозо этмоқда.

Сабаби, ушбу стратегиянинг бевосита муаллифи бўлган юртдошларимиз томонидан давлатимиз раҳбарининг Президентлик сайлови тарғиботлари жараёнларида ҳудудларда сайловчилар билан ўтказган учрашув ва мулоқотларида бир неча бор айнан Конституциямизни бугунги замон талабларига мослаштиришга оид бир қатор таклиф ва ташаббуслар билдирилган.

Биргина мисол давлат раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманидаги сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувида мулоқотга ташриф буюрган юртдошларимиз томонидан бугун экологик муаммолар кун сайин салбий тус олаётгани, инсонларнинг экология билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари каби нормалар Бош қомусимизда ўз аксини топиши мақсадга мувофиқ бўлиши ташаббуси илгари сурилган эди.

Бизга маълумки, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида бугунги глобаллашув жараёнида юртдошларимиз ва мамлакатимиз манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилган ҳолда мамлакат тараққиётини таъминлашга қаратилган алоҳида икки йўналиш ва унинг доирасида амалга оширишга қаратилган мақсад ва вазифалар белгиланди. Жумладан, Ҳаракатлар стратегиясидан фарқли равишда бешинчи – Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш ҳамда олтинчи – Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш каби йўналишлар белгиланди.

Галдаги вазифа ушбу йўналиш ва унда белгилаган мақсадлар бугунги замонга мос ҳолатда бажарилишига хизмат қилувчи қонун ва қарорларнинг ҳаётийлигини таъминлашдир. Бу эса, ўз навбатида, қабул қилинадиган ҳуқуқий ҳужжатларимиз учун бош ғоя бўлиб хизмат қилувчи Конституциямизни янгилаб, фуқароларимиз хоҳиш иродасига мослаштиришни талаб этади. Юқорида таъкидланганидек, Конституциявий ислоҳотларни бошлаш ташаббуси дастлаб Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан илгари сурилди. Аммо ушбу ташаббусда жамиятда адолат ва қонун устуворлиги, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашни ўз олдига мақсад қилган “Адолат” социал-демократик партияси аъзоларининг ҳам истак ва хоҳишлари илгари сурилганлиги билан аҳамиятлидир. Шу боисдан, биз барча халқ вакиллари жойларда юртдошларимиз билан ўтказилаётган ҳар бир мулоқот ва учрашувларда уларнинг Бош қомусимизни такомиллаштириш юзасидан билдирган ҳар бир фикри ва таклифларини тўлақонли ўрганиб чиққан ҳолда Комиссия аъзоларигача етиб келишини таъминлашимиз даркор. Зеро, ҳозир халқимиз муаллифлигида ишлаб чиқиладиган Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституцияси мамлактимиз тараққиёти, фуқароларимиз турмуш тарзини юксалтириш йўлида қабул қиладиган қонунларимиз учун йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси матни эълон қилинди. Қонун лойиҳаси 6 бўлим, 155 моддадан иборат .Конституциявий Қонун референдум якунлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Конституциявий Қонун кучга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зид бўлмаган қисмида қўлланади. Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормалари тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки мавжудлигидан қатъи назар, Конституциявий Қонун кучга кирган пайтдан эътиборан тўғридан тўғри амал қилади. Аввалроқ, Олий Мажлис Сенати 14 март куни бўлиб ўтган мажлисда янги таҳрирдаги Конституция тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги қарори маъқулланганди. 83 нафар сенатордан 80 нафари қарорни қўллаб-қувватлади, 1 нафари бетараф қолди, 2 нафари эса овоз бермади. 30 апрел куни умумхалқ референдуми ўтказилиши режалаштирилган. Сайлов бюллетенида “Сиз “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?” деган савол бўлади.

Янги Ўзбекистонда янги таҳрирдаги Конституция хабарингиз бор, 2023-йилнинг 30-апрел санасида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлиб ўтади. “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни умумхалқ референдумида овозга қўйилади.

Шу боис, айни пайтда юртимиз бўйлаб соҳа мутахассислари иштирокида аҳоли, айниқса, ёшларнинг янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилинишида фаол иштирок этишига бағишланган, мазкур сиёсий жараённинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган турли тарғибот тадбирлари, учрашувлар ўтказилмоқда.

 Фуқаролар ва кенг жамоатчилик вакиллари таклифларини йиғиш, умумлаштириш, уларни Конституциявий комиссияга тақдим этиш тизимини ишга тушириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мутасаддилар томонидан “Mening Konstitutsiyam” онлайн платформаси, call-markaz, почта, жумладан, электрон почта ҳамда телеграм махсус боти орқали таклиф ва мулоҳазалар юбориш учун барча имкониятлар яратилди. Конституциявий комиссия эса ўз фаолиятини уч босқичда амалга оширди. Биринчи босқичда, Конституцияни ўзгартириш бўйича таклифлар қабул қилинди, жамланди ва таҳлил қилинди. Қисқа муддатда фуқаролардан 60 мингдан зиёд таклиф ва ғоялар келиб тушди. Иккинчи босқичда, парламент томонидан ишлаб чиқилган, такомиллаштирилаётган Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқилди. Якуний босқичда эса умумхалқ муҳокамаси натижасида маромига етказилган қонун лойиҳаси Президентимиз таклифига асосан, референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиниши кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, Янги таҳрирдаги Конституция юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ривожига хизмат қилиши, энг аввало эса “Инсон қадри учун” ғоясини устувор йўналиш сифатида белгилаши қайд этилди. Дарҳақиқат, шу мақсадда инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури устувор мақсад қилиб олинган, изчил ва пухта ўйланган, бир неча босқич давомида ишлаб чиқилган.

Бош қомусимизнинг янги таҳрирдаги варианти ишлаб чиқилди. Моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда. Шунингдек, 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгариш киритиляпти. Конституция матни 65 фоизга янгиланди. Барча ватандошларимизди янги консититуция референдумида фаол бўлишга чақираман.

Хуррамов Жалолиддин Шавкатович

Сурхондарё Вилоят Маъмурий суди

судияси катта ёрдамчиси

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 31 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс