Ўзбекистон Экологик партияси Термиз туман бўлими ва Экология атроф муҳитни мухофаза қилиш соҳасидаги назорати бўйича туман инспекцияси ташаббуси билан туман ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда Термиз туманида жойлашган “Учқизил” кўли бўйини кўкаламзорлаштириш мақсадида “Тоза ҳаво, тоза сув, ҳосилдор ерларимизни сақлаб қолайлик!” шиори остида дарахт экиш акцияси ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Абдураҳим Қурбонов, Ўзбекистон Экологик партияси Сурхондарё вилояти ташкилоти раиси Иброҳим Ёқубов, туман прокурори Ботир Олтибоев ва туман ҳокимининг ўринбосари Санжар Нуриев, аҳоли вакиллари ва ёшлар иштирок этишди.
Ёшлар билан ўтказилган дарахт экиш акциясида “Учқизил” кўлининг муҳофаза зонасидаги бўш ер майдонларида манзарали дарахат кўчатлари ўтказилди. Тадбир давомида юзга яқин дарахт кўчатлари экилиб, Экология атроф муҳитни мухофаза қилиш соҳасидаги назорати бўйича туман инспекцияси томонидан дарахтлар парвариши учун масъул бириктирилди. Шу ернинг ўзида туманда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган муаммоли масалалар муҳокама қилинди ва ечими борасида фикрлар алмашилди.
Дарахт экиш акцияси байрамона тарзда ўтказилиб, туман маданият бўлими санъаткорлари ҳамда бахшилар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар рақсларга уланиб кетди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024