Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз туманида турк тадбиркорлари билан ҳамкорликда 106 гектар майдонда шафтоли ва ўрик боғларини ташкил этган “SPN Humoagro” МЧЖ фаолияти билан танишди.
МЧЖ томонидан 58 гектарга Туркия, Италия ва Греция каби давлатлардан келтирилган ўрикнинг 18 турдаги эртапишар, ҳосилдор навлари экилган бўлиб, етиштирилган маҳсулотлар асосан Европа давлатларига экспорт қилинмоқда.
Вилоят раҳбари турк тадбиркори билан суҳбатда боғдорчилик сирларини ёшларга ўргатишни сўради ва бунинг учун тадбиркорга ҳар томонлама кўмак кўрсатилишини айтиб ўтди. Тадбиркор таклифни қабул қилиб, ёшларга ўз тажрибасини ўргатишга тайёрлигини маълум қилди.
Шунингдек, лойиҳани кенгайтириш учун тадбиркорга қўшимча ер майдони ажратиш имкониятларини кўриб чиқиш ҳамда Термиз ва Жарқўрғон туманларида янги ўзлаштирилаётган ер майдонларида ушбу тажриба асосида замонавий боғ ташкил этиш бўйича масъулларга топшириқ берилди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024