Термиз тумани марказидан 70 километр узоқликда жойлашган “Гулбаҳор” маҳалласида сабзавот ва полиз маҳсулотларини етиштиришга катта аҳамият қаратилмоқда. Маҳаллий бозорларни полиз маҳсулотлари билан таъминлаган гулбаҳорлик миришкорлар эндиликда тарвузни қўшни республикаларга ҳам экспорт қилишмоқда.
Ҳукумат қарорига асосан "Гулбаҳор" маҳалласида истиқомат қиладиган аҳолига ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун ер майдонлари ажратиб берилди. Ушбу имкониятдан унумли фойдаланган Шерзод Бакиров ҳам 10 йил муддатга ижарага ер олиб, тарвузнинг “Долби” навини экиб, тайёр бўлган маҳсулотини қўшни Қозоғистон Республикасига экспорт қилмоқда.
Айни кунларда “Гулбаҳор” маҳалласидаги 400 гектар ер майдонда қовуннинг “Дакара”, “Аэропорт” ҳамда тарвузнинг “Долби” ва “Холл” навлари экилган. Пишиб етилган маҳсулотлар аҳоли истемоли учун маҳаллий бозорларга ҳамда қўшни давлатларга экспортга йўналтирилмоқда. Шу кунга қадар гулбаҳорлик миришкорлар 5000 тоннага яқин полиз маҳсулотларини МДҲ давлатларига экспорт қилишди.
Шунингдек, маҳалла хонадонларида иссиқхоналар ташкил этилиб, бу ерда помидор, бодринг булғор қалампири ва бошқа сабзавот экинларини етиштириш йўлга қўйилган.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024