“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси дейишимиз билан албатта, хаёлимизга дархол қандайдир лойиҳа бўйича овоз бериш жараёнлари келади. Овоз бериш жараёнлари қизғин тус олиб, фаолият юритаётган ташкилоти, таълим муассасасига етарли шароит яратишга бел боғлаганларнинг жонбозлик кўрсатишганини яхши биламиз. Белгиланган муддатга қадар эса керакли овоз тўплай олган лойиҳалар ғолиб деб топилиб, маблағ ажратилгани, бу иш битди дегани эмас. Аксинча, ҳаммаси энди бошланганини англатади.
Маҳалла биноси қуриш, кутубхонанинг техник базасини яхшилаш, мактаб ёки боғчага қўшимча бино қуриш учун “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида иштирок этиб, ғолиб бўлган ташкилот ва таълим муассасаларига ажратилган маблағни қандай йўналтирмоқда? Амалий ишлар самарали ташкил этилганми, хуллас маблағ тўғри ишлатилганми? Масаланинг бу томони ҳам бор. Ана шундай саволларга жавоб топиш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоятнинг Термиз шаҳри ва Термиз туманида “Ташаббусли бюджет”нинг 2022 йил якунлари бўйича белгиланган лойиҳаларни амалга оширилганлик ҳолати юзасидан самарали жамоатчилик мониторинги тадбирлари ўтказилди.
Хусусан, мониторинг давомида Термиз туманидаги “Янгиер” маҳалла фуқаролар йиғинидаги қишлоқ врачлик пункти биноси ҳамда тумандаги “Орол” МФЙ биносини таъмирлаш, шу маҳалладаги 3-сонли умумтаълим мактабнинг пол қисмини ва Ахборот - кутубхона марказини капитал таъмирлаш ишлари кўздан кечирилди. Шунингдек, туманнинг “Янгиҳаёт” МФЙ Бошдарак кўчасидаги мавжуд табиий газ трубасини янгилаш, бетон симёғоч ўрнатиш, туман Мактабгача таълим ташкилоти бўлимига қарашли таълим ташкилотларининг моддий техника базасини яхшилаш бўйича маблағларнинг тўлиқ ажратилганлиги, бажарилган ишлар, харид қилинган товарларнинг сифати, кўтарилган муаммолар қанчалик ҳал этилганлигига алоҳида эътибор қаратилди. Қолаверса, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси юзасидан аҳоли ҳамда тегишли ташкилотлар вакилларидан фикр ва таклифлар олинди.
Жамшид Алиев
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024