Бугун ижтимоий тармоқларда Термиз тумани 16-сонли аниқ фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган умумтаълим мактабида (Кейинги ўринларда – АФЧЎУМ) ўқитувчилардан таъмирлаш ишлари учун пул йиғилганлиги, улар мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги тўғрисида танқидий материал эълон қилинди.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва унинг Термиз туман бўлими томонидан ўрганиш ўтказилиб, қуйидагилар аниқланган. Вилоят ҳокимининг топшириғи билан 469 та мактабларда таъмирлаш ишларини олиб бориш учун 11 млрд 195 млн сўм маблағ ажратилган бўлиб, шундан 254,8 млн сўми Термиз туманидаги мактабларга қурилиш материаллари харид қилиш учун йўналтирилиши белгиланган.
Тумандаги 16-сонли АФЧЎУМ жами 1050 ўринли бўлиб, 426 ўринли янги биноси 2020 йилда қурилган. 624 ўринли эски биноси 1976 йилда қурилган бўлиб, 2007 йилда капитал таъмирланган, 2024 йилда реконструкция қилиш таклифи давлат дастурига киритилган. Вилоят маҳаллий бюджетидан ажратилган маблағ эвазига ҳозирга қадар харид қилинган қурилиш-таъмирлаш материалларидан 180 кг пол, 100 кг ички фасад бўёқлари 16-сонли АФЧЎУМнинг эски ўқув биносида таъмирлаш ишларини олиб бориш учун етказиб берилган. Ўқитувчилардан таъмирлаш ишлари, қурилиш материаллари хариди учун пул маблағлари йиғиштирилмаган.
Видеодаги ҳолат жорий йил август ойи бошида олинган бўлиб, мактабнинг эски биносидаги таъмирлаш ишлари якунланган синф хоналарининг парта-стуллари ва деразалардаги буёқ доғларини тозалаш ишлари олиб борилаётганлиги тасвирга олинган.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024