Ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва бозор иқтисодиётига ўтишда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари алоҳида ўрин эгаллайди. Мустақиллик йилларида суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш ва демократлаштириш борасида муҳим қадамлар қўйилганини эътироф этмоқ лозим. Бунинг натижасида мамлакатимизда замонавий демократия талабларига жавоб бера оладиган суд тизими шаклланиб, бу жараёнлар изчиллик билан давом этмоқда. Суд бугунги кунда аввалгидек ҳукмрон коммунистик тизимнинг қатағон ва жазолаш аппарати эмас, балки у ҳар бир инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли тарзда қўриқлаш ва ҳимоя қилишга қаратилган чинакам мустақил давлат институтига айланди десак муболаға бўлмайди. Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида жисмоний ва юридик шахсларнинг суд органларига бўлган муносабатлари янги давр кишиси сингари ижобий тарафга ўзгариб, мурожаатларнинг салмоғи ҳамда сифати ортганлигини кўришимиз мумкин, сир эмаски бу муваффақиятлар замирида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган бир қатор ислоҳотлар ётади. Куни кеча яъни 2023-йил 16-январь шу ислоҳотларимизнинг изчил давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг яна 2 та фармони қабул қилинди. БуларЪЪОдил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаъъги
ПФ-11-сонли ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сонли Фармонларидир. Ушбу фармонлар фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларини янада кенайтириш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштиришни назарда тутади. Қуйида ушбу фармонларнинг мазмун-моҳияти ҳақида қисқача таҳлилни амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Мазкур икки фармон билан 2023-2026-йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди. Фармонга мувофиқ Олий суд томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги билан биргаликда жиноят ишлари бўйича суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган қуйидаги тартиби яратилади:
туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апеллация ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апеллация ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш; юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш тартиблари белгиланади.
Суднинг мустақиллиги ва судялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш мақсадида эндиликда судяга нисбатан турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйиш тартиби белгиланиши, шу билан судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш, шунингдек одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда, айтишимиз мумкинки мазкур тартибларнинг ўрнатилиши ҳам судялар мустақиллигини таъминлашда яна бир катта қадамлардан бири ҳисобланади, негаки судга хурматсизлик қилиш учун жиноий жавобгарлик белгилаш амалиёти бугунги кунда энг ривожланган деб тан олинган Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия ва Германия каби давлатларда узоқ йиллар аввал ўрнатилган ва ҳозирги кунда ҳам бу қонунлар ўз кучи ва самарадорлигини йўқотмай келмоқда.
Фармонда назарда тутилган яна бир муҳим вазифалардан бири бу судларда Ихтисослаштирилган прокурорлар корпусини шакиллантириш ҳисобланади, бу орқали давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қиладиган прокурорлар синфининг сифат даражасини яна бир поғона юқорига ошириш қайд этилган. Шунга кўра Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз ваколатларини ҳар қандай орган ва мансабдор шахсдан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширади ҳамда қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардан ташқари уларнинг судда иштироки билан боғлиқ фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги таминланади. Вилоят ва унга тенглаштирилган прокуратуралар Ихтисослашган прокурорлар корпусига туман (шаҳар) прокуратураларининг тегишли йўналишларида, қоида тариқасида, камида уч йил, Бош прокуратура Ихтисослашган прокурорлар корпусига эса, қоида тариқасида, камида беш йил фаолият юритган ходимлар жалб қилинади, Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари, қоида тариқасида, судларда прокурор ваколатини таъминлаш соҳасида узлуксиз уч йил хизмат ўтаганидан сўнг бошқа йўналишларга ўтказилиши мумкин бўлади.
Бундан ташқари Фармонда “Маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш концепцияси”ни ишлаб чиқиш ҳам мазкур вазифалардан бири сифатида 2023 йил ноябрь ойига қадар белгиланиб, унда маъмурий органлар билан фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасидаги барча низоларни хатловдан ўтказиб, судловга тааллуқлилигига оид қоидаларни такомиллаштириш, маъмурий суд иш юритуви принципларини танқидий ўрганиб, оммавий-ҳуқуқий муносабатларнинг мазмун-моҳиятини акс эттирувчи принципларни киритиш назарда тутилган.
Шунингдек, маъмурий суд иш юритувига даъво институтини киритиб, маъмурий органлар устидан бериладиган даъво турларини аниқ белгилаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончини ҳимоя қилиш тизимини танқидий ўрганиб, етказилган зарарни ундириш тартибини аниқлаштириш, маъмурий судлар фаолиятига ҳуқуқи бузилган фуқаро – аризачининг хоҳишига кўра экстерриториал судловга тегишлилик механизмини жорий этишни белгилаш лозимлиги кўрсатилган.
Бу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад судни алоҳида ҳокимият сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишда судяларга чинакам мустақиллик бериш, суд тизимини ишларни фақат қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда кўрадиган муносиб судялар корпуси билан шакллантиришдан иборатдир.
Одил Бегимқулов
Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судининг раиси
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024