Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз туманига ташрифининг кейинги манзилида “Мустақиллик” маҳалласи ҳудудида жойлашган 10-сонли умумтаълим мактаби фаолияти билан танишди.
Ўқитувчилар билан суҳбат давомида мавжуд муаммолар тингланди. Жумладан, кимё, физика ва биология лаборатория хоналарида препаратлар ва реагентларнинг етишмаслиги масаласини қисқа муддатда ҳал этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Шундан сўнг, вилоят ҳокими раҳбарлигида Термиз тумани ҳокимлиги мажлислар залида ёшлар билан манзилли ишлаш, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
“Ёшлар дафтари”га киритилган 28 913 нафар ёшлардан 22 043 нафарига ёки 66,5 фоизига ёрдам кўрсатилгани, 6 870 нафар ёшлар дафтарда қолаётганлиги, ёшларни касб-ҳунар ўрганишга йўналтириш ишлари талабга жавоб бермаслиги танқид қилинди.
Шунингдек, 2022-2023 ўқув йилида 6 та кўрсаткич бўйича мактабларнинг фаолияти натижалари муҳокама қилинди. Ҳар бир йўналиш бўйича йўл қўйилган хато ва камчиликлар соҳа масъуллари ва ҳудудлар раҳбарларига кўрсатиб ўтилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш, ёшлар билан ишлаш, таълим сифатини ошириш, аҳоли ва ёшларга касб-ҳунар ўргатиш масалаларида ишларни тизимли ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024