Термиз тумани ҳудудидан ўтувчи М39 халқаро автомагистрал йўли бўйлаб яшил белбоғ акцияси ўтказилди. Акция доирасида жорий йил 25 октябрдан 1 декабрга қадар ўтказиладиган кузги дарахт экиш мавсумига ҳозирлик кўриш, воҳа иқлимига мос ва хос манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатларини танлаш бўйича семинар ташкил этилди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, вилоят, шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари, бошқарма, ташкилот ва идора, уларнинг туман бўлими масъуллари, ёшлар, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Семинарда соҳанинг илғор олим ва мутахассислари томонидан Сурхон воҳасининг иқлимига мос кўчатларни танлаш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Шунингдек, шаҳар ва туманлар ҳокимлари томонидан умуммиллий лойиҳа доирасида ўтказиладиган кузги дарахт экиш мавсумида амалга ошириладиган чора-тадбирлар тақдимот қилинди.
Ҳозирда ҳудуд бўйлаб ободонлаштириш, дарахт экиладиган жойлар учун ҳандақлар қазиш, суғориш тизимларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Мавсум бошланиши билан белгиланган ҳудуларга танлаб олинган дарахт кўчатлари экилади. Вилоят, шаҳар ва туманларда 16 та “ҳокимлик боғи”, “Яшил жамоат парклари”, давлат ташкилотлари, корхона ва муассасаларда ташкилот боғлари, “яшил белбоғ”лар ташкил этилади.
Маълумот учун, Президентимиз топшириқларига мувофиқ Сурхондарё вилоятидаги мавжуд ўрмон хўжаликлари томонидан 12 млн дона дарахт ва бута кўчатлари етиштирилмоқда.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024