Куни-кеча ижтимоий тармоқлар орқали "Опен буджет"дан ютган лойиҳани энди хато деб бажаришмаяпти" сарлавҳаси билан Термиз тумани «Бунёдкор» маҳалласида табиий газ тармоғини тортиш масаласи юзасидан танқидий пост эълон қилинди. Мурожаатда келтирилган табиий газ тармоғини тортиш бўйича кўтарилган масала юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Ушбу масала бўйича «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг Энергетика вазирлигига йўллаган 2023 йил 25 августдаги №03-23-661/7813-сонли хати билан табиий газ таъминоти билан боғлиқ таклифлар юзасидан хулоса берилган. Мазкур хулосада табиий газ тармоғи тортиш техник имконияти мавжуд бўлмаган ҳамда табиий газ танқис бўлган ҳудудлар, жумладан, Термиз тумани «Бунёдкор» маҳалласи ҳам келтирилган.
Аммо, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг жорий йилги 2-босқичининг овоз бериш жараёнлари 2023 йил 26 августдан бошланган бўлиб, «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг Энергетика вазирлигига йўллаган юқоридаги хулосаси туман Ишчи гуруҳига кеч етиб келганлиги сабабли, таклиф овоз бериш жараёнларига ўтказилган. “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ушбу таклиф кўп овоз олиб, автоматик тарзда ғолиб деб топилган.
Бироқ, юқорида айтиб ўтилганидек, «Бунёдкор» маҳалласи табиий газ тармоғи тортиш техник имконияти мавжуд бўлмаган ҳамда табиий газ танқис ҳудудда жойлашганлиги сабабли ушбу лойиҳани амалга ошириш имконияти мавжуд эмас.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2021 йил 22 апрелдаги “Маҳаллий бюджет маблағлари сарфланишида жамоатчилик иштирокини таъминлаш тўғрисида”ги КҚ-213-ИВ-сонли қарори билан тасдиқланган Намунавий низомнинг 24-1-бандида:
“Ғолиб деб топилган лойиҳаларни амалга оширишда юзага келган техник муаммолар сабабли ёки ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича бошқа манбалар ҳисобидан маблағлар ажратилиши ҳолати кузатилганда мазкур ғолиб деб топилган лойиҳалар “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” ҳисобидан молиялаштирилмайди ва ушбу лойиҳалар учун ажратилиши кўзда тутилган маблағлар “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га қайта тикланади. Ушбу маблағлар доирасида бошқа ғолиб лойиҳаларни аниқлашга йўл қўйилмайди” – деб белгилаб қўйилган.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024