Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Термиз тумани ҳокимлиги
ДАМ ОЛИШ КУНЛАРИНИ ТЕРМИЗ ТУМАНИДА ЎТКАЗИНГ!!!

Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ички туризмни ривожлантириш мақсадида байрам кунларида дам олиш кунларининг уч кун этиб белгиланиши ҳам ички туризмни ривожлантиришга асос бўлиб хизмат қилади.

Ўз юртингнинг бетакрор ва сўлим гўшаларига саёҳат қилиш, асрларга тенгдош бўлган тарихий обидаларини зиёрат қилиш, гўзал табиатнинг бебаҳо инъомларидан баҳраманд бўлиш инсон маънавиятини янада юксалтиришга хизмат қиладиган омиллардан саналади.

Сизга, “Рамазон” ҳайити муносабати билан 4 кунлик дам олиш кунларингизни Термиз туманидаги зиёратгоҳлар ва кўнгилочар ҳамда табиатнинг бетакрор қўйнида жойлашган масканларда ўтказишни таклиф этамиз.

 

Ал-Ҳаким Ат-Термизий мажмуаси.

Юртимизда сақланиб қолган тарихий ёдгорликлар орасида Ал-Ҳаким Ат-Термизий мақбараси қадимий ноёб обидалардан бири саналади. Бу мақбаранинг XI асрлик тақдири қадимий Термизнинг тарихи билан узвий боғланиб кетган. Шунинг учун ҳам юқорида таърифини келтирганимиз гўзал маскан гарчи Термизнинг қадимий шаҳристони ўрни бўлса ҳам, Ал-Ҳаким Ат-Термизий мақбараси жойлашган муқаддас зиёратгоҳ деб эътироф этилади.

Жайхун бўйида жойлашган бу масканга оилавий ташриф буюриб, фарзандларингизга Термиз тарихини таништириш билан бирга, муқаддас қадамжони зиёрат ҳам қиласиз.

Мажмуа ҳудудида жойлашган “Термиз ўлкашунослик” музейида эса Термиз тарихи ҳақида тўлиқ билиб олишингиз, фарзандларингизга таништиришингиз мумкин. Бир сўз билан айтганда саёҳатингиз ҳам зиёрат, ҳам тарбия, ҳам таълим олишга хизмат қилади.

 

“Марварид” дам олиш маскани.

“Учқизил” кўли бўйида жойлашган, ушбу маскан 2018 йилда қурилиб фойдаланишга топширилган. Оилавий ташриф учун барча қулайликларга эга ушбу масканда, фарзандларингиз, яқинлар ва ҳамроҳлар билан кўлда қайиқ ва “катамаран”ларда сайр қилишингиз, гўзал табиат қўйнида дам олишингиз, тоғолди ландашти жонлантирилган масканда сайр қилишингиз мумкин. Болалар учун эса турли аттракционлар беминнат хизматда.

Ҳар бир киши саёҳатга чиқишдан олдин тушлик ва кечки овқатни саёҳатга мос яхши ва ҳушманзара жойда қилишни режалаштиради. Бу борада сизга “Марварид” ресторани энг яхши танлов бўлади. Маззали ва сифатли миллий таомлар таклиф қилинадиган рестораннинг кўл бўйида жойлашган қисмида овқатланиш Анталияда денгиз бўйида овқатлангандек завқ бағишлайди.

Маскан ҳудудида жойлашган меҳмонхона барча замонавий қулайликларга эга бўлиб, ҳамёнбоп нархларда ўзингизга қулай номерларда жойлашишингиз мумкин. Ёки, оилавий ташриф бурувчилар барча қулайликларга эга коттежларга ҳам жойлашиши мумкин. Танлов сиздан, хизмат кўрсатиш эса “Марварид” дам олиш масканидан.

 

“OXUS” дам олиш маскани.

“Учқизил” кўли мовий сув омбори атрофи нафақат тиббиёт туризмини йўлга қўйиш, балки, эко ва бошқа сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш учун ҳам қулай шароитга эга ҳудуд. “Универсал аргалид” масъулияти чекланган жамияти барпо этаётган “OXUS” дам олиш масканида ҳудуднинг ана шу жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилгани аҳамиятлидир.

Беш гектар ташландиқ майдонда бунёд этилаётган маскан маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун барча замонавий қулайликларга эга йирик комплекс бўлади. Бунинг учун 17 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади. Лойиҳанинг биринчи босқичи аллақачон ишга туширилиб, мижозларга хизмат кўрсатишни бошлаб юборган.        

“OXUS” дам олиш маскани ўзининг умумий овқатланиш ва савдо нуқталари, гўзаллик салони, бассейн, болалар майдончаси билан хизмат қилади. Минифутбол майдони, теннис корд эса саёҳат давомида ҳам мароқли ўйинлар ва спорт билан шуғулланиш учун имкон яратади. Ҳудудда мўъжазгина ҳайвонот боғи ҳам барпо этилган бўлиб, турли парранда ва туя қушларни томоша қилишингиз мумкин. Хориждан битта 17 кишилик, 2 та уч кишига мўлжалланган янги моторли қайиқ кўл бўйлаб кечки саёҳатга чиқишингизга хизмат қилади.

 

Термиз туманига ташриф буюриш учун биз учта жойни таништиришга харакат қилдик халос, туманда бундан бошқа кўпгина дам олиш, умумий овқатланиш, тиббиёт масканлари ва санаторийлар, сўлим гўшалар борки саёҳатингизни мароқли ва мазмунли бўлишини таъминлайди. Термиз тумани Термиз шаҳри яқинида жойлашган бўлиб, ҳаво ва темир йўл транспорти ҳамда автотарнспортда келиш учун жуда қулай жойда жойлашган бўлиб, хориждан, юртимизнинг бошқа вилоятларидан ҳамда бошқа туманлардан ташриф буюрувчилар учун ҳеч қандай қийиниликларсиз етиб келиш имкониятини беради.

Бир сўз билан айтганда Сизни ва яқинларингизни дам олиш кунларини Термиз туманида ўтказишга таклиф қиламиз!!!

Термиз туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс