Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, рўй бераётган барча ўзгариш ва янгиланишлар асоси, миллий қонунчилигимиз пойдевори бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси жаҳон ҳамжамиятида замонавий демократик қонунчилик намунаси сифатида эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда давлатни жамиятга, халққа хизмат қилувчи институтга айлантириш, унинг фаолиятини қонунларга таяниб қуришга қаттиқ киришилган, десак хато бўлмайди. Фуқаро – жамият – давлат ўртасидаги ўзаро муносабатнинг оқилона ва адолатли ҳуқуқий ечими Конституциядир.
Президентимизнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида Конституциямизга таянган ҳолда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот, давлатимиз чегаралари дахлсизлиги, жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди.
Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий йўналиш ва вазифалар эса Конституцияда баён этилган демократия ва инсонпарварлик, халқчилликка суғорилган меъёрларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган бўлиб, Бош қомусимизда ўрин олган эзгу ғояларни рўёбга чиқаришнинг ўзига хос механизмидир.
Ҳар икки ҳужжатнинг замирида демократик қадриятларнинг устуворлиги, инсон ҳуқуқларини таъминлаш олий қадрият саналиши, ҳокимиятнинг манбаи эса фақатгина халқ эканлиги каби қоидалар турибди. Конституцияда ана шу тамойиллар концептуал жиҳатдан белгиланган бўлса, Ҳаракатлар стратегиясида концептуал нормалар ижросини таъминлашнинг изчил механизми кўрсатилган.Ушбу механизмлар эса, фармонда айтилганидек, ҳар йилги давлат дастурлари асосида такомиллашиб бораверади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг
31 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларида Муҳтарам Президентимиз “Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ” деб таъкидлаб, ушбу йўналишда келгуси йилдан бошлаб Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси учун ҳам муҳим вазифани белгилаб бердилар. Яъни, “Шуни аниқ тушуниб олиш лозимки, жамоатчилик назорати – бу фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назорат эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, бошқача айтганда, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан биридир.
Шунинг учун Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси келгуси йилда ҳар бир соҳа ва тармоқ бўйича жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан тизимини яратишга бош-қош бўлиши ва ташаббус кўрсатиши лозим.
Жамоатчилик назорати, биринчи навбатда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, молия, банк, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, энергетика ва транспорт соҳаларида жорий этилиши зарур. Шунингдек, бозорлар ва савдо мажмуаларидаги маҳсулотлар ва хизмат кўрсатиш сифати каби масалалар ҳам доимо жамоатчилик назоратида бўлиши даркор” дедилар.
Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунида ҳам нодавлат нотижорат ташкилотлар жамоатчилик назоратининг асосий субъектларидан бири сифатида белгиланган. Шу нуқтаи назарда, жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиш учун ҳар бир фуқаро билан бир қаторда нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларининг ҳам фаол бўлишини таъминлашни конституциявий бурчимиз ва мажбуриятимиз деб биламиз.
Қолаверса, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлатимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, Асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этишда барча соҳа вакиллари ҳамқадам бўлишимиз керак. Ёш авлод қалбида она ватанга меҳр ва садоқат туйғуларини жўш урдириш, Конституциямиз ва бошқа қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш асосий бурчимиздир.
ЖИБ Термиз туман судининг
девонхона мудири Азиз Эсанов
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024