Кейинги йилларда мерос билан боғлиқ низолар кўпайишини кузатилмоқда. Мерос билан боғлиқ низоларнинг асосий ёмон тарафи бу яқин қариндошларнинг мол-мулкларни талашишидир. Кўп ҳолатларда бир ота-онадан туғилган ака-ука, опа-сингиллар мулк талашишлари оқибатида “юз кўрмас” бўлиб, очиқдан-очиқ душманга айланишади. Айрим ҳолларда мерос билан боғлиқ низолар йиллар давомида давом этиши оқибатида меросхўрлар қимматли вақт ва соғлиқларини йўқотишганини кеч англаб етишади.
Фуқаролик кодексининг 1113-моддаси, биринчи қисмига асосан, мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради. Мерос таркибига фақат мерос қолдирувчига қонуний асосларда тегишли бўлган мулк кириши туфайли, ўзбошимчалик билан қурилган ёки тегишли тарзда расмийлаштирилмаган иморатлар мерос таркибига фақат марҳумнинг мазкур иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда эътироф этилган ҳолда киритилади. Мерос қолдирувчи томонидан тузилган олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя ва шу каби битимлар унинг ўлимидан сўнг ҳақиқий эмас деб топилганда, қайтарилган мулк ҳам мерос таркибига киритилади.
Фуқаролар кўп ҳолларда эр (ёки хотин) вафот этганидан кейин унинг мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи хотинига (ёки эрига) бирдан ўтади деб янглишадилар. Шунингдек, ҳозирга қадар ота-онанинг мол-мулки кенжа фарзандга тегишли бўлади деган тушунча ҳам мавжуддир.
Фуқаролик қонунчилигимизга кўра, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.
Фуқаролик кодексининг 1146-моддасига асосан, мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.
Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.
Қонунчилигимизда мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланиши, агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани олиш меросхўрнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи бўлганлиги сабабли, қонунда меросхўр бундай гувоҳнома бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши шарт бўлган муддат белгиланмаган. Яъни меросхўр бир неча йиллардан кейин ҳам меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериш ҳақида мурожаат қилиши мумкин бўлиб, даъво муддати қўлланилмайди.
Васият ва қонун бўйича ворисликда меросхўр мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш йўли билан меросдан воз кечишга ҳақли. Қонунда мерос очилгандан кейин бундай ариза билан мурожаат қилиш мумкин бўлган вақт чегараланмаган.
Меросдан воз кечиш тўғрисида ариза берган меросхўр кейинчалик уни бекор қилиши ёки қайтариб олиши мумкин эмас. Бундай воз кечиш фақат суднинг ҳал қилув қарори билан ва қонунда битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун белгиланган асосларга кўра ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Меросхўрлар меросни ўзаро тақсимлаш юзасидан келишувга эриша олмаган ҳолларда тақсимот улардан исталган бирининг талаби бўйича суд тартибида амалга оширилади.
Сўнгги сўз сифатида барча меросхўрларга мерос мол-мулкларни ўзаро тақсимлашда ижтимоий адолат мезонларига амал қилган ҳолда тақсимлашни амалга оширишларини тилаб қоламиз.
Жиноят ишлари бўйича Термиз туман
судининг судья ёрдамчиси И.Абдушукуров
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024