Давлатимиз раҳбари ҳузурида жорий йил 16 январ куни ўтказилган 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида “Яширин иқтисодиёт”га қарши кураш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Бугун мазкур вазифалар ижросини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги соҳасида “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш, мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда ечими бўйича чора-тадбирлар белгилаб олиш мақсадида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Одил Яқубов иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди. Унда туман ҳокимининг соҳага масъул ўринбосари, Прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими ва туман Солиқ инспекцияси бошлиқлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этишди.
Ажратилган ер майдонларидан келиб чиқиб, жумладан, пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликларида ҳар 5 гектар майдонда бир нафардан, боғдорчилик ва мева-сабзавотчилик фермер хўжаликларида ҳар 10 гектарда 3 нафардан ишчи ўрни яратиш имконияти борлиги қайд этилди. Шунга асосан иш ўринларини яратиш ва расмийлаштириш орқали қонуний фаолият юритиш, бунинг ортидан ишчилар ҳам зарур иш стажларига эга бўлиши ҳамда бошқа афзалликлар тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик ва бошқа йўналишлардаги фермер хўжаликларининг мавжуд солиқ қарздорликларини ўз вақтида тўлаш, хўжаликлар фаолиятини соғломлаштириш юзасидан тавсиялар ҳамда муиасаддиларга вазифалар ижроси юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб берилди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024