Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Термиз тумани ҳокимлиги
Янги таҳрирдаги Конституция инсон ҳуқуқ ва манфаатлари кафолати

Янги таҳрирдаги Конституция, том маънода, инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳуқуқий кафолати ҳисобланади. Буни бир эмас, бир нечта мисолларда кўриш мумкин.

Биринчидан, янги таҳрирдаги Конституциядаги барча нормалар ягона тушунча, яъни “инсон қадри” деган тушунчанинг атрофига қурилган. Хусусан, ҳуқуқий давлат тушунчасидан тортиб, судга мурожаат қилиш, уй-жой билан таъминланиш, сўз эркинлиги ва бошқа ҳуқуқлар, аввало, инсонга тегишли ҳисобланади.

Иккинчидан, янги таҳрирдаги Конституцияда давлат ва жамият ишларини бошқариш инсон билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширилиши белгиланган. Жумладан, 9-модданинг биринчи қисмига мувофиқ, “Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумхалқ овозига — референдумга қўйилади.”. Маълумки, референдумда фуқаролар иштирок этади, муносиб танловини амалга оширади. Шу ўринда инсоннинг давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кўриш мумкин.

 Учинчидан, янги таҳрирдаги Конституцияда яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи экани, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят экани, Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланиши алоҳида қайд этилди. Мазкур норма Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияда (2-модда), Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда (2, 6-моддалар) назарда тутилган. Ўзбекистон қонунчилигида жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жинояти учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилгани туфайли, ушбу ишлар бўйича жиноят қонунларининг тўғри қўлланилишини таъминлаш зарурлиги алоҳида аҳамият касб этади.

 Тўртинчидан, Конституциянинг 29-моддасида ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши ҳам белгиланди. Сир эмас, зарур ҳолларда малакали юридик ёрдам олишга барчанинг ҳам қурби етмайди. Шундай вазиятда, фуқаро ўз муаммоси билан ёлғиз қолмаслиги керак. Давлат баҳоли қудрат ёрдам қўлини чўзиши лозим ва шарт. Шу боис, муҳтож фуқароларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш Конституцияда алоҳида белгиланиши ҳам ижтимоий, ҳам ҳуқуқий нуқтаи назардан улкан аҳамият касб этади.

Бешинчидан, Конституциянинг 33-модасида “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эгалиги, давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши, ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлиги, тартибини таъминлаш, шунингдек, давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилиши” қайд этилди.

 Мазкур ҳуқуқ рақамлаштириш асрида демократик, ҳуқуқий ва адолатли жамият қураётган барча давлатлар учун муҳим. Уларни Конституциямизда мустаҳкамлаш, биринчидан, фуқароларимизнинг ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқини ҳамда интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқини кафолатласа, иккинчидан, мазкур ҳуқуқларни суиистеъмол қилинмаслигини олдини олиш, фуқароларимизнинг ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

 А.Эсанов

Жиноят ишлари бўйича

Термиз туман судининг девонхона мудири  

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 64 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс