Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Термиз тумани ҳокимлиги
Одам савдоси – давр муаммоси

Бугунги кунга келиб асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида кенг кўламли кураш олиб борилмоқда.

Жумладан, 2020 йил 17 августда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди.

Қонунда одам савдосига қарши курашиш бўйича муҳим тамойиллар белгиланиб, асосий тушунчаларга аниқ таърифлар берилган. Бу, ўз навбатида, одам савдоси билан шуғулланувчиларни жиноий таъқиб этиш, шунингдек, жабрланувчиларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялашда қонуний асос бўлиб хизмат қилади.

Сир эмаски, айрим юртдошларимиз хорижда ишлашни орзу қилиб турли йўллар билан чет элларга кетмоқда. Оқибатда кўплаб ҳамюртларимиз иш ҳақи олмасдан оғир шароитларда меҳнат қилиб, соғликларини йўқотишмоқда. Мамлакатимизда одам савдосининг олдини олишга қаратилган меёрий-ҳуқуқий асос яратилиб, инсон эркига дахл қилувчи ушбу жиноятга қарши кескин курашилмоқда ва бу борада жиноят қонунчилигида жазо чоралари белгилаб қўйилди.

Жумладан, шахснинг озодлиги, шаъни ва қадр-қимматига қарши жиноятлар ҳақидаги Жиноят кодексининг олтинчи боби, 135-моддасида, Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш - уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша ҳаракатлар:

а) ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали;

Б) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;

в) ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан;

г) айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан;

д) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

е) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

ж) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда;

з) жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб турган ҳолда;

и) қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, худди шунингдек жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйган, яширган ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда;

к) инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш мақсадида содир этилган бўлса -беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.Ўша ҳаракатлар:

а) ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса;

б) жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса;    

в) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;        

г) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, - саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Шунингдек, миллий қонунчиликда илгари бўлмаган одам савдоси жабрдийдаларини идентификация қилиш ва уларни қайта йўналтириш тушунчалари алоҳида боб сифатида акс этган. вояга етмаганлар савдосининг олдини олиш ҳам муҳим жиҳат ҳисобланади. Қонун одам савдоси жабрдийдалари бўлмиш фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш ҳамда давлат органлари ташаббускорлигини ошириш, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси бошчилигида ваколатли органларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга хизмат қилади. Ва энг муҳими, одам савдосига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида холис ва тўғри маълумотларни кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятга етказишга кўмаклашади.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар мазкур жиноятни олдини олиш ва оқибатларини камайтиришда, унинг ҳар қандай кўринишларидан фуқароларимизни муҳофаза қилишда муҳим омил бўлмоқда.                                                 

Азиз Эсанов

Жиноят ишлари бўйича

Термиз туман судининг девонхона мудири   

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 40 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс