Маълумки кейинги йилларда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, мустақил, очиқ ва шаффоф суд тизимига эришиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш борасидаги ўзгаришлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Жумладан, суд инстанцияларининг қисқариши, охирги қарорларни кассация инстанцияси сифатида фақатгина Олий суднинг ўзи қабул қилиши лозимлиги фуқароларнинг суд орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ноқулайликлар туғдирди. Чунки, айрим ишлар бўйича қабул қилинган суд қароридан норози бўлган шахслар биринчи ва апелляция инстанциясидан кейин бевосита Олий судга мурожаат этиши, айниқса, жиноят ишлари бўйича судларда, кассация инстанцияси судининг иш ҳажми ортиб кетди, бу эса юқори инстанция судида ишларнинг кўрилиш муддати ва сифатига ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Ушбу масалаларни ҳал этиш йўллари давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонларида белгилаб берилди.
Мазкур Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимининг жадал ислоҳ қилинишини таъминлаш, аҳолининг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш мақсадида 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.
Жумладан, Фармонда “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш устувор вазифа қилиб белгиланди.
Шунингдек, Фармон билан:
туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши назарда тутилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ушбу қабул қилинган Фармон “Инсон қадри учун” ғояси асосида адолатли суд тизимини янада мустаҳкамлаш билан биргаликда, халқимиз манфаати ва инсон
қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
SH.Hasanov
Жиноят ишлари бўйича
Термиз туман судининг раиси
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024