Ҳурматли ва азиз фермерлар, деҳқонлар ҳамда томорқа ер эгалари!
Кейинги йилларда мамлакатимизда кўкаламзорлаштириш, ўсимликларни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугун мамлакатимиз миқёсида муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бизни Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Инсон қадрини улуғлаш ғоялари атрофида бирлаштирди.
Кўчат экиш, гулу-ниҳолларни кўпайтириш бу мусаффолик, экологик муҳит софлиги ҳамда она табиатга ғамхўрлик ва инсонийликнинг юксак намунасидир !
Энг муҳими, шу тоза ҳаводан ўзингиз, оила аъзоларингиз, борингки келажакда невара-эвараларингиз нафас олади. Ёнига фарзанди, невараларини олиб кўчат эккан ҳамюртимиз уларга ибрат бўлади, бу қадриятнинг давомли бўлишини таъминлайди.
Агар “экологик муҳит ифлосланди” ёки “бузилди” деб қўл қовуштириб тураверсак, кейинги 5-10 йилликда аҳвол қандай бўлади? Бир ўйлаб кўринг.
Ҳурматли Сурхондарёликлар !
Ҳадиси шарифларда ҳам бизга ато этган неъматларни, она табиатни асраб-авайлаш, кўчат экиш, боғ яратиш, иймоннинг ярми экани, экилган ҳар бир дарахтнинг мевасидан ёки соясидан бошқалар баҳраманд бўлса, уни эккан кишига савоб ёзилиши ҳақида айтилади.
Шундай экан, дарахтни кесиш, борни йўқ қилиш билан эмас, яратиш, экиш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан шуғулланиш улкан савоб, келажак авлод учун юксак хазинадир!
Сўнгги йилларда мамлакатимизда кўкаламзорлаштириш, ўсимликларни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Кўчат экиб, боғ яратиш – халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади.
Демак, халқимизнинг ибратли ўтиши ўзимиз яшаётган муҳитда табиатга оқилона муносабатда бўлиб, уни асраб авайлаш, келгуси авлодлар ҳам яшаши учун қулай макон барпо этишга ундайди.
Муҳтарам Президентимизнинг жорий йилнинг 29 март куни бўлиб ўтган йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасида берган кўрсатмалари ана шундай эзгулик йўлидаги жуда ҳам муҳим ташаббусдир.
Президентимиз раислигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2024 йил баҳор мавсумидаги устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда бу борадаги ишларни кенгайтириб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳор мавсумида вилоятимиз бўйича 10 миллион дона дарахт экиш вазифаси белгилаб берилди.
Президентимиз таъкидлаганларидек “Яшил макон” виждонимиз, бўлажак ҳаётимиз, фарзандларимиз олдидаги маъсулиятимиздир.
Қайд этиш керакки, ўтган йили куз ва жорий йилнинг баҳор ойларида маҳаллаларда, фермер ва деҳқонларимиз далалари четларига ва аҳоли томорқаларида 12 миллиондан зиёд кўчат экилди. Албатта, бу савобли ишларда кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик қатори Сиз меҳнаткаш деҳқон ва фермерларимизнинг ҳам муносиб улуши бор.
Ҳозиргача вилоят бўйича 6 млн тупдан зиёд манзарали, мевали дарахт, буталар кўчатлари ҳамда қаламчалари экилди.
Дарахт экканимиз билан у ўз-ўзидан кўкариб қолмайди. Аслида экишдан ҳам кўра уни кўкартириш биздан алоҳида ғамхўрликни талаб қилади. Кўчатларнинг тўлиқ кўкаришини таъминлаш учун томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинади.
Ҳурматли фермер хўжалиги раҳбарлари!
Жорий йил баҳор мавсумида Сиз ҳам далангиз четидаги бўш ерларга терак, тут, ток ва бошқа дарахт кўчатлари экиб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссангизни қўшинг.
Бунинг учун вилоятимиздаги кўчат етиштирувчи фермер, деҳқон хўжаликларида, томорқа ер эгаларида ва тадбиркорларда терак, тут, ток, тол, ёнғоқ ва бошқа дарахт ниҳоллари мавжуд.
Сиз улар билан ҳамкорлик қилсангиз, юртимиз яшиллик оламига ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшган бўласиз.
Хусусан, ҳар бирингиз ўз далангизда ҳар йили 10 минг донадан терак қаламчаларини экиб қўйсангиз, келгуси мавсумда Сизга тайёр кўчат бўлади.
Муҳтарам деҳқон ва томорқа эгалари!
Муҳтарам Президентимизнинг алоҳида қарорлари билан жорий йилдан бошлаб пахта-ғалладан бўшаган майдонлардан деҳқон хўжаликлари учун ер ажратилиб, Сизлар шу йилдан бошлаб бу ерлардан даромад олишни бошладингиз.
Сизлар ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланган ҳолда “Бир контур-бир маҳсулот” тамойилини амалга ошириш доирасида дала четига ва кўча бошига терак, тут, ток ва бошқа кўчатларини экишни ташкил этишга чақирамиз.
Вилоятимиздаги 724 маҳалла фуқаро йиғинларида
483 мингга яқин томорқа ер эгалари фаолият юритади. Агар ҳар бир томорқачи ўз томорқасига, маҳалла гузарига ва кўча бошига 10 тупдан кўчат экса, вилоят бўйича 4,8 миллион тупдан зиёд кўчат экилади. Бундай саховатпешалик билан қилинган ишларингиз таҳсинга сазовор бўлади!
Сизларга терак, тут, ток ва бошқа кўчатлар керак бўлса жойлардаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига мурожаат этишингиз мумкин.
Ҳурматли ва азиз фермерлар, деҳқонлар ҳамда томорқа ер эгалари!
Сизларни ҳурматли Юртбошимизнинг юксак ишончини оқлаб, мамлакатимиз равнақи ва фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида фаол иштирок этиб терак, тут, ток ва бошқа дарахт кўчатлари экишга чақирамиз!
Бу билан сиз халқимизга хос эзгу фазилатларга ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшган бўласиз! Зеро, нафақат ҳовли ва уйларимиз мана шу, маҳалла, шаҳар ва мана шу ватан ҳам ўзимизники. Унинг озодалиги ва кўркамлигига барчамиз масъулмиз.
Ватанимиз ободлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик!
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024