Меҳнат кодексининг 172, 254-моддаларига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим билан ҳисоб-китоб қилиниши керак.
Ҳисоб-китоб ходимга:
охиригача олинмаган иш ҳақини;
ходим томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсацияларни;
агар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида бошқа тўловларни тўлаш назарда тутилган бўлса, ушбу тўловларни тўлашни ўз ичига олади.
Иш берувчи томонидан ходимга тегишли бўлган барча суммаларни тўлаш ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда амалга оширилади.
Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаган бўлса, тегишли суммалар ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида ходим томонидан талаб қўйилганидан кейин 3 кундан кечиктирмай тўланиши керак.
Меҳнат кодексининг 234-моддасига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга барча фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланади.
Демак, меҳнат шартномаси ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли (МК 161-моддаси иккинчи қисмининг 4 ва 5-бандлари), ходим вафот этганлиги, ходим озодликдан маҳрум қилинганлиги ва бошқа ҳар қандай асосга кўра бекор қилинса, ходим билан хисоб-китоб қилинади.
Жиноят кодекси 45-моддаси бўйича муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳамда меҳнат шартномаси МК 168-моддаси 1-қисми 3-бандига кўра бекор қилинган бўлса, Бу вазиятда ҳам МК 172, 234, 254-моддаларига мувофиқ ходим билан хисоб-китоб қилинади.
D.Jumaev
Термиз туманларо Иқтисодий
суди раиси
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024