“Адолат давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди”
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев
Ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан бири бу - давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди. Давлатнинг ушбу функцияси эса инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоячиси бўлган суд органлари томонидан амалга оширилади.
Суд ҳокимияти қарорларининг сўзсиз ижро этилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қиладиган одил судловни қарор топтириш борасида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий йўналишларидан бири бу – суд қарорларини ижро этишнинг самарали тизимини яратиш ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 134-моддаси мазмунига биноан, суд томонидан қабул қилинадиган ҳужжатлар қатъий ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси бутун ҳудудида бажарилиши мажбурийдир.
Миллий қонунчилигимизда ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган экан, ушбу ҳуқуқий кафолат шахснинг нафақат судга мурожаат этиш, адолатли суд муҳокамаси орқали ҳимояланиш ҳуқуқини, балки суд муҳокамаси натижасига кўра қабул қилинган суд ҳужжатининг ижро этилишини таъминлаш ҳуқуқини ҳам ўз ичига олади.
Бутунжаҳон суд ижрочиларининг халқаро ташкилоти (UIHJ)нинг “World Justice Project” халқаро нодавлат ташкилоти томонидан юритиладиган дунё мамлакатларининг 2023 йилдаги “Ҳуқуқ устуворлиги” индексининг 7.6-омили – Ўзбекистон суд қарорларини амалда ижро этилиши самарадорлиги ва ўз вақтида бажарилиши бўйича рейтингида 142 та давлат ичида 74-ўринни эгаллаб келмоқда. Бу эса суд қарорларини ижро этиш механизмларини такомиллаштириш, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини халқаро даражада мустаҳкамлаш, суд қарорлари ижросини ташкил этиш самарадорлигини оширишни талаб этмоқда.
Суд ҳужжати ижрога қаратилишининг муҳим шарти унинг қонуний кучга кириши ҳисобланади. Дарҳақиқат, суд ҳужжатларининг реал ижроси таъминланмас экан, одил судлов ўз мазмун-моҳиятини йўқотади, суд ҳужжатининг эса оддий қоғоздан фарқи қолмайди. Айнан шу жиҳати билан ушбу босқич ҳуқуқ тизимида муҳим ўринни эгаллайди.
Умумий қоидага кўра, суднинг одил судлов фаолиятини якунлаш, чиқариладиган суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш вазифаси ижро ишини юритиш орқали амалга оширилади ва якунига етказилади.
Таъкидлаш лозимки, суд ҳужжатлари ижросини таъминламай туриб, қонун устуворлиги, ҳуқуқий демократик жамият ҳамда одил судлов ҳақида сўз юритиб бўлмайди. Бу борада янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 138-моддасида: суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурийлиги мустаҳкамланган. Худди шунингдек, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт. Суд ҳужжатини ижро этмаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Мазкур қонун нормаларининг амалда бажарилмаслиги, аниқроқ айтадиган бўлсак, суд ҳужжатларининг ижроси таъминланмаслиги нафақат суд ҳокимиятининг нуфузига, балки мамлакатимизда фуқароларнинг, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига, бу борада бугунги кунда изчиллик билан олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг самарадорлигига путур етказиши мумкин. Зеро, шахс ўзининг бузилган ҳуқуқи юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиши, кейинчалик эса ушбу орган ёки суд томонидан мазкур ҳолат юзасидан қонуний қарор қабул қилиниши билан мурожаат муаллифининг бузилган ҳуқуқи тикланиб қолмайди. Бу билан унинг бузилган ҳуқуқини тиклашга қаратилган дастлабки процессуал қарор қабул қилинган бўлади, холос. Аксарият ҳолларда мурожаатнинг замирида шахсга нисбатан етказилган мулкий зарарни ундириш ётади. Шунга кўра, у бузилган ҳуқуқи юзасидан мурожаат қилган пайтдан эътиборан ўзига етказилган зарарни тўлиқ қайтариб олгунига қадар амалга ошириладиган ҳар қандай процессуал ҳаракатлар ёки қабул қилинадиган қарорлар, ушбу қарор қабул қилиш суд ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органдан қанчалик машаққатли меҳнат талаб қилмасин, унинг учун катта аҳамият касб этмайди. Шахс унинг фойдасига қабул қилинган қарор ижроси таъминлангандагина, суд ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган орқали бутун бир давлатга бўлган ишончи ортади, ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари давлатнинг мустаҳкам ҳимоясида эканига амин бўлади.
Суд ҳужжати – бу суд ҳокимиятининг одил судловни амалга оширишдан иборат фаолияти маҳсули бўлиб, унинг ушбу ҳужжатдаги хоҳиш-иродасини ифодалайди.
Ўзбекистон Республикаси ИПК 5-моддасида иқтисодий суд ҳужжатлари қаторига ҳал қилув қарори, ажрим, қарор ва суд буйруғи шаклидаги суд ҳужжатлари киритилган. Биринчи инстанция суди ишни мазмунан кўриб чиқиш натижаси бўйича ҳал қилув қарори қабул қилади.
Апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоятлар (протест)ни кўриш натижалари бўйича ушбу инстанциялар судлари қарор қабул қиладилар. Қонунчилик билан иқтисодий судларнинг ваколатига берилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилинади.
Кредиторнинг сўзсиз талабларига доир аризаларни кўриш натижаси бўйича иқтисодий судлар суд буйруғи чиқаради.
Иш мазмунан ҳал этилмасдан қабул қилинадиган суд ҳужжатлари ажримлар шаклида чиқарилади.
Иқтисодий процессуал кодексининг 15-моддасига мувофиқ, суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир. Суд ҳужжатлари умуммажбурийлигининг хусусияти унинг давлат ҳокимиятининг мажбурлов кучини билдиради.
Ўзбекистон Республикаси ИПКнинг 335-моддасига кўра, ижро варақасига бироз бошқачароқ таъриф берилган бўлиб, унга биноан суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий тартибда ижро эттириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат – ижро варақаси ҳисобланади.
Шунингдек, ИПК талабига биноан, суд ҳужжати бўйича битта ижро варақаси берилади, бундан мазкур Кодексда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Агар суд ҳужжатини ижро этиш турли жойларда ёхуд бир нечта ундирувчи фойдасига амалга оширилиши керак бўлса, суд ундирувчиларнинг илтимосига кўра ижро этиш жойи ёхуд суд ҳужжатининг ушбу ижро варақаси бўйича ижро этилиши лозим бўлган қисмини кўрсатган ҳолда бир нечта ижро варақасини беради.
Пул суммаларини бир неча жавобгардан ундириш тўғрисидаги суд ҳужжати асосида жавобгарларнинг сони бўйича бир нечта ижро варақаси берилади. Бунда, агар солидар жавобгарлардан ундириш назарда тутилаётган бўлса, ҳар бир ижро варақасида ундирувнинг умумий суммаси кўрсатилиши ва солидар жавобгар эканлиги кўрсатилган ҳолда жавобгарларнинг ҳаммаси санаб ўтилиши керак.
Ижро варақаси суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан берилади. Суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида ижро варақаси ундирувчига берилади ёки унинг илтимосномасига кўра давлат ижрочисига ижро этиш учун юборилади. Бюджетга маблағларни ундириш учун ижро варақаси қарздор турган жойдаги давлат ижрочисига суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида юборилади.
Ижро варақаси электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
Бундан ташқари, иқтисодий суд ижро ҳужжати суд томонидан низони кўриб чиқиб, ҳал этишнинг “маҳсули” бўлиб ҳисобланганлиги боис, унинг ижро этилиши – қабул қилинган суд ҳал қилув қарорининг кучини, уни қабул қилган суднинг эса ваколати ва ролини акс эттиради. Шу аснода таъкидлаш жоизки, ҳал қилув қарорини расмийлаштиришда судьяга қандай масъулият ва талаб юклатилса, ижро ҳужжатини расмийлаштиришда ҳам мазмун, аниқлик, муддатга риоя этиш каби талаблар белгиланади.
Шундай экан, иқтисодий суд ижро ҳужжатининг мақсади суд қарорида қарздор зиммасига юклатилган мажбуриятнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш орқали ундирувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, бузилган ҳуқуқ тикланиши орқали шахснинг суд ҳимоясини кафолатлаш ҳисобланади.
Термиз туманлараро иқтисодий судининг судьяси Ботиржон Абдуллаев
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024