Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида, аввало, Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришнинг 7 та устувор йўналиши бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.
Ушбу устувор йўналишлардан бири мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам беришдир.
Айни пайтда Ўзбекистон болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг барча шаклларига барҳам бериш борасида ташлаган амалий қадамлар ижобий самара бермоқда. Бу борадаги ютуқларимизни халқаро жамоатчилик оламшумул янгилик сифатида баҳоламоқда.
Юртимизда болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги тизимли ишлар туфайли йилдан-йилга муваффақиятга эришилмоқда. Хусусан, 2020 йилда Ўзбекистон ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилоти билан биргаликда амалга оширган мониторинглар бўйича ижобий хулоса олингач, хорижий бизнес вакиллари иштирокида Ўзбекистонда инвестиция муҳити кенгая бошлаганини кўриш мумкин.
12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни дунёнинг бошқа мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам ҳар йили нишонланади. Ушбу кунни белгилаш ғояси 1997 йил Амстердам ва Ослода бўлиб ўтган конференциялар қарорлари негизида туғилган. 2002 йили Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан мазкур сана, яъни 12 июнь – Болалар меҳнатига қарши курашиш куни, деб расман эълон қилинган. Ушбу тадбирлар болалар меҳнатини бартараф этиш учун глобал саъй-ҳаракатларни амалга ошириш зарурлигига жамоатчилик эътиборини қаратди.
ХМТ томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилинган болалар 3 тоифага ажратилган. Биринчи тоифа – болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари халқаро миқёсда қуллик, болалар савдоси, қуллик меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг бошқа шакллари, болаларни қуролли тўқнашувларда, фоҳишабозлик ва порнография мақсадларида, шунингдек, бошқа ноқонуний фаолиятда ишлатиш учун мажбурий ишга олиш.
Иккинчи тоифа – ушбу турдаги ишлар учун белгиланган энг кам ёшга тўлмаган бола (миллий қонунчиликка ва қабул қилинган халқаро нормалар асосида) томонидан бажариладиган меҳнат шу тариқа боланинг таълим олишига ва унинг ҳар томонлама ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин.
Учинчи тоифа – боланинг жисмоний, ақлий ёки ахлоқий фаровонлигини ва ривожланишини хавф остига қўядиган иш ёки унинг характери туфайли ёхуд у амалга ошириладиган шароитлар туфайли “хавфли ва зарарли иш”, деб номланади.
Болалар меҳнати муаммоларини ҳал қилишда жамоатчиликни хабардор қилиш ҳамда сафарбар этиш мақсадида шу кунга қадар кўплаб мамлакатларда давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда муассасалар томонидан турли тадбирлар ўтказилади. Расмлар кўргазмалари, янги сайтлар тақдимотлари, оммавий акциялар, спорт мусобақалари, болалар байрамлари, спектакллар шулар жумласидандир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам болалар меҳнатига қарши курашиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги саъй-ҳаракатлари билан болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди.
ХМТ билан фаол ҳамкорлик натижасида мазкур халқаро ташкилотнинг “Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш ва тақиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 182-конвенцияси ратификация қилинган.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари Женевадаги чиқишида "Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йили", деб эълон қилинган жорий йилда Ўзбекистонда Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонун қабул қилинишига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратгани тўғрисида таъкидлар экан, бу шуни англатадики, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам беришда қонун асосида кутилган мақбул натижаларга эришамиз.
Жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди раиси Ш.Хасанов
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024