Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ўз навбатида, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади, албатта.
Шу билан бирга суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви принципини, давлат манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш судлар томонидан фуқаролик, маъмурий ишлар қатори иқтисодий ишларни кўришда ҳам прокурорнинг иштирокига, шунингдек ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишга тааллуқли процессуал нормалар янада аниқлаштирилишини тақозо этади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг асосий вазифалари қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини иолиш ва профилактика қилишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, прокуратура органлари фаолиятини асосий йўналишларидан бири иқтисодий низоларни кўришда иштирок этиш, қонунларга зид бўлган суд ҳужжатларига протест келтириш белгиланган. Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодексида ҳам прокурор иштироки билан боғлиқ нормалар ўз ифодасини топган.
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига прокурорнинг:
- ерга оид ҳуқуқий муносабатлар;
- давлат мулки билан боғлиқ ишларда;
- атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш;
- давлат бюджетидан ундирувлар;
- ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш;
- хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш;
- божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш зарурати юзага келди. 2024 йил 30 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан ушбу масалалар ўзининг ҳуқуқий ечимини топди.
Хусусан, эндиликда Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга биноан, прокурор ўзининг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этиши мумкин.
Прокурор бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ишлар мустасно.
Бундан ташқари, Иқтисодий процессуал кодекси 259-моддасининг иккинчи қисмига киритилган қўшимчаларга кўра прокурор, юқори турувчи прокурор нафақат прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, балки прокурорнинг суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида прокурор тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган, қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган ишлар бўйича кассация протести, тафтиш тартибида протест келтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли судлардан ишларни талаб қилиб олишга бўлган ҳуқуқи белгиланди. Бундан ташқари, мазкур тоифадаги ишларни кўриш якунлари бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш тартиби белгиланди.
Иқтисодий процессуал кодекс 265-моддасининг иккинчи қисми янги таҳрирда баён этилиб, апелляция протестига ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция протестининг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат, прокурор иштирокисиз кўрилган иш бўйича ушбу Кодекс 259-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар мурожаатларининг кўчирма нусхаси илова қилинади, бундан қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган бўлиб, бироқ у суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган ишлар мустасно этиб белгиланди.
Шу сингари ўзгартириш ва қўшимчалар кассация ва тафтиш тартибида киритиладиган протестларини киритиш тартибига ҳам киритилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ушбу Қонун прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга, шунингдек судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Термиз туманлараро иқтисодий суди судьяси
Ботиржон Абдуллаев
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024