Сўнгги пайтларда бошқа соҳалар сингари иқтисодиёт тармоқларида юз бераётган шиддатли ўзгариш ва кенг кўламли ислоҳотлар ушбу соҳадаги муносабатларнинг ҳам сезиларли даражада ошганлигини кўрсатади.
Халқ хўжалигида кундан-кунга ошиб бораётган ушбу муносабатларни, айниқса тадбиркорлик субъектлари иштирокидаги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда, хўжалик шартномаларининг ҳам ўзига хос ўрнини инкор этиб бўлмайди, албатта.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1-моддасида назарда тутилган фуқаролик қонунчилигининг асосий негизлари – бу фуқаролик қонунчилиги улар томонидан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчиларининг тенглигини эътироф этишга, мулкнинг дахлсизлигига, шартноманинг эркинлигига, хусусий ишларга бирон-бир кишининг ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслигига, фуқаролик ҳуқуқлари тўсқинликсиз амалга оширилишини, бузилган ҳуқуқлар тикланишини, уларнинг суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлаш зарурлигига асосланади.
Фуқаролар ва юридик шахслар ўз фуқаролик ҳуқуқларига ўз эркларига мувофиқ эга бўладилар ва бу ҳуқуқларини ўз манфаатларини кўзлаб амалга оширадилар. Улар шартнома асосида ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилашда ва қонунчиликка зид бўлмаган ҳар қандай шартнома шартларини аниқлашда эркиндирлар.
Мазкур кодекснинг 8-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига кўра, қонунда назарда тутилган шартномалар ва бошқа битимлардан, шунингдек гарчи қонунда назарда тутилган бўлмаса-да, лекин унга зид бўлмаган шартномалар ва бошқа битимлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларининг вужудга келиш асосларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 августда қабул қилинган «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуни бозор иқтисодиёти шароитида хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида вужудга келаётган мазмунан янги иқтисодий муносабатларни тартибга солишда ҳамда шартнома интизомини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, шартномалар тузиш тажрибасига етарлича эга бўлмаган кичик ва ўрта бизнес субъектлари, хусусий тадбиркорларнинг иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш, турли хил таъминотчи, тайёрловчи монопол корхона ва ташкилотлар билан шартномавий муносабатларда уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда ушбу Қонуннинг тутган ўрни беқиёсдир.
Иқтисодий судлар фаолиятида кўп учрайдиган шартномавий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларнинг қонуний ҳал этилишини таъминлашда мазкур Қонун асосий ҳуқуқий манбалардан бири сифатида хизмат қилмоқда.
Қонуннинг 3-моддасига биноан,
1.Шартномалар турлари / Хўжалик шартномаси]
арафлардан бири шартлашилган муддатда тадбиркорлик фаолияти соҳасида товарларни бериш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш мажбуриятини оладиган, иккинчи тараф эса товарларни, ишларни, хизматларни қабул қилиб олиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини оладиган келишув хўжалик шартномаси дейилади.
Таъкидлаш лозимки, шартнома тузиш ихтиёрий бўлиб, томонларнинг эрки-иродасига боғлиқ. Бироқ, айрим ҳолларда қонунда шартнома тузиш мажбурий бўлган ҳолатлар ҳам ўрнатилган. Хусусан, оммавий шартнома
(ФКнинг 358-моддаси), дастлабки шартномада назарда тутилган асосий шартнома (ФКнинг 361-моддаси), ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс билан тузилган шартнома (ФКнинг 379-моддаси), давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш шартномаси (ФКнинг 457-459-моддалари) ва ҳ.к.
ИПК 26-моддасининг 1-бандига мувофиқ, тузилиши қонунда назарда тутилган шартнома юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлар ёки шартнома юзасидан чиққан бўлиб, ҳал этиш учун иқтисодий судга топшириш ҳақида тарафлар ўзаро келишган ихтилофлар ҳал этиш учун судга топширилиши мумкин. Шартнома тузиш бир тараф учун қонунга кўра мажбурий бўлган ва тарафлар ўртасида шартномани тузишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда ФКнинг 377-моддасида кўрсатилган қоидалар мажбурий тартибда қўлланилади. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, даъво талаблари нафақат бутун шартномага, балки унинг айрим шартларига ҳам тегишли бўлиши мумкин. Даъвогар даъво ариза тузишга мажбур этилган шартнома лойиҳасини илова қилиши шарт.
Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ, хўжалик шартномаси, қоида тариқасида тарафлардан бирининг оферта (шартнома тузиш ҳақида таклиф) йўллаши ва иккинчи тараф уни акцептлаши (таклифни қабул қилиши) йўли билан тузилади.
Агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари бўйича келишувга эришилган бўлса, хўжалик шартномаси тузилган деб ҳисобланади.
Хўжалик шартномаси тузилгандан сўнг, унинг амал қилиши ҳам муҳим категориялардан биридир. Хўжалик шартномаси тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади.
Тарафлар ўзлари тузган хўжалик шартномасининг шартларини уларнинг шартнома тузилишидан олдин вужудга келган муносабатларига нисбатан қўлланилади деб белгилаб қўйишга ҳақлидирлар.
Хўжалик шартномасининг амал қилиш муддати тугаши тарафларни уни бузганлик учун жавобгарликдан озод этмайди.
Таъкидлаш лозимки, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги низоларнинг судгача ҳал этилишида талабномалар ҳам етакчи роль ўйнайди. ИПК 148-моддасининг иккинчи қисмига кўра, агар қонунда муайян тоифадаги низолар учун судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, фақат тарафлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда ҳал қилиш чораларини кўрганларидан кейингина судда иш қўзғатилиши мумкин. Бундай тартиб, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Солиқ кодекси, Ҳаво кодекси, «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгилаб қўйилган. Низоларни судгача ҳал этиш (талабнома юбориш) тартиби даъвогар учун фақат қонун ва шартномада белгиланган ҳолларда мажбурий ҳисобланади.
Агар шартномада тарафлар томонидан келиб чиққан низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ҳақидаги шарт назарда тутилган бўлса, аммо низони ҳал этиш тартиби белгиланмаган бўлса, бу ҳолда низони талабнома юбориш йўли билан ҳал этиш тартиби мажбурий ҳисобланмайди. Башарти шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби назарда тутилган бўлса, прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар томонидан даъвогарлар манфаатида даъво аризалари судга тақдим этилишидан олдин ҳам ушбу тартибга риоя қилиниши керак.
Қонуннинг 17-моддасида талабнома билдириш тартиби белгиланган бўлиб, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган хўжалик юритувчи субъект мазкур ҳуқуқ ва манфаатларни бузган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан талабнома билдиришга ҳақлидир.
Талабнома ёзма шаклда билдирилади.
Талабнома хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари ёки раҳбарнинг ўринбосари томонидан имзоланиб, буюртма ёки қимматли хат тарзида, телеграф, телетайп орқали, шунингдек талабнома жўнатилганлигини қайд этадиган, қабул қилиб олувчини огоҳлантирадиган бошқа алоқа воситаларидан фойдаланилган ҳолда жўнатилади ёхуд тилхат олиб топширилади.
Ўзига талабнома билдирилган хўжалик юритувчи субъект талабномани олган кундан бошлаб ўн беш кунлик муддат ичида унга жавоб қайтариши шарт.
Талабномага жавоб ҳам ҳудди шу тартибда йўлланади.
Агар талабномани тан олиш тўғрисидаги жавобда тан олинган сумма ўтказилиши ҳақида маълумот бўлмаса, талабнома билдирган тараф жавоб олингандан сўнг йигирма кун муддат ўтгач, банк муассасасига қарздор тан олган суммани сўзсиз тартибда ўтказиш тўғрисидаги фармойишни тақдим этишга ҳақли. Фармойишга қарздорнинг жавоби илова қилинади.
Тараф рад (қисман рад) жавобини олган тақдирда ёки талабномага белгиланган муддатда жавоб олмаган тақдирда, шунингдек хўжалик шартномалари юзасидан талабнома билдирмай ҳам иқтисодий судга даъво аризаси бериши ҳамда суд буйруғини олиш учун ариза тақдим этиши мумкин. Мазкур аризаларни тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига кўра белгиланади.
Қонуннинг 5-бўлими “Шартнома мажбуриятларини бузганлик учун жавобгарлик” деб номланган бўлиб, унда хўжалик шартномаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланган.
Жумладан, 24-моддада хўжалик шартномаларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун тарафларнинг жавобгарлиги назарда тутилган бўлиб, тарафлардан бири шартнома мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, бу тараф:
бошқа тарафга етказилган зарарни тўлайди;
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида, ушбу Қонунда, ўзга қонунчилик ҳужжатларида ва шартномада назарда тутилган тартибда бошқача тарзда жавобгар бўлади.
Агар қонунчиликда ёки шартномада бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, хўжалик шартномаларини бажармаганлик ва лозим даражада бажармаганлик учун ушбу Қонуннинг 25-32-моддаларида назарда тутилган жавобгарлик чоралари қўлланилади.
Хусусан, Қонуннинг 25-моддасида товарларни етказиб бериш муддатларини кечиктириб юборганлик, тўлиқ етказиб бермаганлик, ишларни бажармаганлик ёки хизмат кўрсатмаганлик учун жавобгарлик
Товарларни етказиб бериш муддатлари кечиктириб юборилган, тўлиқ етказиб берилмаган, ишлар бажарилмаган ёки хизматлар кўрсатилмаган ҳолларда, товар етказиб берувчи (пудратчи) сотиб олувчига (буюртмачига) кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлайди, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси етказиб берилмаган товарлар, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар баҳосининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги лозим. Пеняни тўлаш шартнома мажбуриятларини бузган тарафни товарларни етказиб бериш муддатларини кечиктириб юбориш, тўлиқ етказиб бермаслик, ишларни бажармаслик ёки хизматларни кўрсатмаслик оқибатида етказилган зарарни қоплашдан озод этмайди.
Шунингдек, Қонуннинг 32-моддасида товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини тўламаганлик ёки ўз вақтида тўламаганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, тўлов талабномаси акцептини асоссиз равишда бутунлай ёки қисман рад этганлик, шунингдек ҳисоб-китобнинг бошқа шаклларида товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини тўлашдан бош тортганлик (банк муассасасига тўлов топшириқномасини тақдим этмаганлик, чек бермаганлик, аккредитивни тақдим этмаганлик ва ҳоказо) учун сотиб олувчи (буюртмачи) маҳсулот етказиб берувчига ўзи тўлашни рад этган ёки бош тортган сумманинг 15 фоизи миқдорида жарима тўлайди.
Етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини ўз вақтида тўламаганлик учун сотиб олувчи (буюртмачи) етказиб берувчига ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида пеня тўлайди.
Қонун билан шартнома интизомини бузганлик учун бошқа жавобгарлик чоралари ҳам белгиланган. Асосийси, Қонун талабига биноан, неустойка (жарима, пеня) тўлаганлигидан қатъи назар, шартнома мажбуриятларини бузган тараф иккинчи тарафга ана шу зарар оқибатида ўзи етказган зарар қисмини ҳам қоплайди.
Етказилган зарарларга шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги, мол-мулк йўқолиши ёки шикастланиши муносабати билан тараф қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлар, шунингдек агар иккинчи тараф шартнома мажбуриятларини бажарганида тараф олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлар киради.
Муддатини ўтказиб юбориш ёки шартнома мажбуриятларини ўзгача тарзда лозим даражада бажармаслик ҳоллари учун белгиланган неустойкани (жаримани, пеняни) тўлаш ҳамда шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажармаслик оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, тарафларни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод этмайди, қонунчиликда ва шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Қайд этиш лозимки, мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик чораларини қўллашда неустойка аввало, мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик оқибатида етказилган зарарни қоплаш учун қўлланилади. Шу сабабли, бу тоифадаги ишларни кўришда шартнома мажбуриятларини бузганлик оқибатида кредиторга етказилган зарар миқдорини аниқланади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, шартнома тузилдими, уни бажариш лозим.
Жиноят ишлари бўйича Термиз суди судья ёрдамчиси О.Алиханов
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024