Жазони енгилроғи билан алмаштириш – инсонпарварлик тамойилларига асосланган ҳуқуқий институт бўлиб, у маҳкумларни тузалиш йўлига рағбатлантириш ва уларнинг ижтимоий реабилитациясини таъминлашга хизмат қилади. Ўзбекистон қонунчилигида бу жараён турли ҳуқуқий механизмлар орқали тартибга солинади, жумладан, шартли озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш, афв этиш, амнистия ва жазони ўташ шароитларини юмшатиш.
Жиноят кодексининг 74-моддасида озодликдан маҳрум этилган, озодлиги чекланган ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан суд жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириши мумкин дея белгилаб қўйилган. Жазони енгилроғига алмаштириш жазо турлари учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумга нисбатан қўлланилиши мумкин.
Булар:
- ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисмини;
- оғир жинояти учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар у илгари қасддан содир етган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида ярмини;
- ўта оғир жинояти учун, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан икки қисмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин қўлланилиши мумкин.
Худди шу кодекснинг 73-моддасида бу ҳуқуқдан кимлар фойдалана олмаслиги ҳақида белгилаб қўйилган. Жазо муддатидан олдин шартли озод қилинган ёки жазоси йенгилроғи билан алмаштирилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсларга бундай ҳуқуқ берилмайди.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш чоғида суд асослар мавжуд бўлган тақдирда, маҳкумнинг зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юклатиши мумкин:
- ишга ёки ўқишга жойлашиш;
- муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгарганлиги ҳақида унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органга хабар бериш;
- муайян жойларга бормаслик;
- алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташ;
- Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқмаслик.
Aгар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахс суд томонидан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни ўталмаган жазо муддати давомида бажармаса, суд унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органнинг тақдимномасига биноан уни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни бекор қилиш ва ўталмаган жазо муддатини ўташи ҳақидаги масалани кўриб чиқади.
Жиноят Ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди судяси И.Абраев
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025