Жорий йил 17 июль куни ижтимоий тармоқда “Тўра Боболов Сурхондарёсида камбағаллар дардини ким эшитади?” сарлавҳали видеолавҳа эълон қилинди. Мазкур видеолавҳа юзасидан Термиз туман ҳокимлиги Аҳборот хизмати қуйидагиларни маълум қилади:
Термиз туман ҳокимлиги, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ва Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари фуқаро Қодирова Назокатнинг хонадонида бўлиб, ижтимоий тармоқда эълон қилинган видеолавҳа юзасидан суҳбат олиб боришди.
Фуқаро Қодирова Назокат турмуш ўртоғи Ўразов Акбар билан 2019 йилда туманнинг Айритом маҳалласи “Наврўз” қишлоғидан Амир Темур маҳалласига кўчиб келади. Маҳалла фуқаролар йиғини аралашуви билан Ўразов Акбарга ота-онасининг томорқа ер майдонидан 7 сотих ер олиб берилган. Ҳозирда оила Ўразов Акбарнинг укаси томонидан олдиндан қурилган, ажратиб берилган ер майдонида жойлашган икки хонали уйда яшаб келмоқда.
Фуқаро Қодирова Назокат 2018 йилдан буён вилоят Эндокринология шифохонасида фаррош бўлиб ишлаб келади. Турмуш ўртоғи Ўразов Акбар фермер хўжалигида трактор ҳайдовчиси бўлиб ишлаб келган ва 2021 йил январ ойида ўз хоҳиши билан ишдан бўшаган. Шундан кейин ёлланма қурувчи-уста бўлиб ишлаб келади. 2021 йил 20 июнь куни Ўразов Акбарнинг буйрагида тоши борлиги сабабли тиббий амалиёт ўтказилган ва хозирда ҳолати қониқарли.
Фуқаро Қодирова Назокатнинг 4 нафар фарзанди (Икки ўғил, икки қиз) бўлиб, бир нафари вояга етган, уч нафари вояга етмаган. Қизи ишсиз эканлиги сабабли “Ёшлар дафтари”га киритилган. Оила маҳалла фуқаролар йиғинида кам таъминланган оилалар рўйхатида турмайди.
Суҳбат давомида Қодирова Назокат шу кунга қадар туман ҳокимлигига ёрдам сўраб мурожаат қилмаганлигини, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан доимий ёрдам кўрсатиб келинганлигини таъкидлади ва уй-жойини таъмирлаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари учун моддий ёрдам беришни сўради. Масъуллар томонидан уй-жойини таъмирлаш учун ҳомийларни жалб қилган ҳолда ёрдам кўрсатилиши, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилиши ҳамда қизига “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан тикув машинаси ажратиб берилиши маълум қилинди. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан туман Кенгаши депутати, “Қорахон Янгиариқ” фермер хўжалиги раҳбари И.Давлатов томонидан қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилидан ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларидан ҳомийлик ёрдами кўрсатиш ташаббуси билдирилганлиги айтиб ўтилди.
Бундан кейин ҳам фуқаро Қодирова Назокатнинг оилавий шароитини яхшиланишини таъминлаш туман ҳокимлиги, хусусан 2-Сектор раҳбари томонидан доимий назоратга олинганлигини маълум қиламиз.
Термиз туман ҳокимлиги
Ахборот хизмати
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024