Оила – муқаддас даргоҳ. Биргина шу «муқаддас» сўзи оилага бўлган муносабатимизни тўла англатади. Зотан, миллатнинг эртанги кунига дастлаб оилада пойдевор қўйилади, унда ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи авлод шаклланади. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон ва унинг манфаатлари устувор экан, кўзланган мақсадга эришишда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган оиланинг ўрни беқиёсдир.
Жамиятдаги ҳар қандай иллатга қарши курашни оиладан бошласаккина уни илдизи билан қуритиш мумкин. Ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, коррупция каби иллатларга қарши кураш қанчалик кенг кўлам касб этмасин, натижа мақтанарли эмас. Аслида ҳар бир инсон оилада уларга қарши иммунитет билан тарбия топса – олам гулистон, ўз-ўзидан барҳам топиб кетади. Хўш, бунинг учун нима қилиш зарур? Ишни нимадан бошлаган маъқул? Куни кеча пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кўмагида «Оилада ҳуқуқбузарлик профилактикаси» мавзуида ўтказилган давра суҳбатида бу саволлар атрофлича муҳокама этилди. Олий суд, Ички ишлар вазирлиги академияси, Бош прокуратура ва бошқа ташкилотлардан иштирок этган мутахассислар масалага ечим излашди.
Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Жиноятчилик носоғлом маънавий-руҳий муҳит таъсирида вужудга келади. Маъмурий ҳудудларда яшовчи ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оилаларни ўз вақтида аниқлаб, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахсларни ўз вақтида аниқлаб, улар билан манзилли профилактика ишларини ташкил этиш, ҳар бир содир этилган ҳуқуқбузарликнинг сабаб ва шароитларини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш маиший зўравонликнинг олдини олиш борасидаги муҳим қадам эканлиги таъкидланди.
Жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди раиси
О.Бегимқулов
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024