Замонавий тиббиётда инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси деган тушунча кенг тарқалмоқда ва бу борада Ўзбекистонда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тиббий жиҳатдан ҳам қонуний жиҳатдан ҳам жуда мураккаб жараён ҳисобланади. Бунда барча жараёнлар қонунчилик нормалари билан мустаҳкамлаган ҳолда алоҳида қонун қабул қилиш талаби юзага келади.
Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва девон ходимлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳи ҳудудларда бўлиб, “Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасидаги нормалар ва киритилаётган янгиликларни аҳолига тушунтириб, улардан таклифлар олишмоқда.
Хусусан, ишчи гуруҳи аъзолари Термиз туманида бўлишиб, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, ёшлар, маҳалла оқсоқоллари ҳамда дин вакиллари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг зарурати, мазмун-моҳияти ҳақида батафсил ахборот берилди.
Йиғилиш иштирокчилари қонун лойиҳасининг 12-13-моддаларига таклифлар бериб, уни қабул қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлашди. Турли соҳа вакиллари, депутатлар сўзга чиқиб қонуннинг қабул қилиниши бугунги кун талаби эканлиги, ушбу амалиёт учун қанчадан-қанча фуқаролар чет давлатларга боришга мажбур бўлаётганлиги таъкидланди.
Термиз туман ҳокимлиги
Ахборот хизмати
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024