“Нурафшон” маҳалласи ҳудудидан 2018-2019 йилларда Термиз шаҳридаги айрим маҳаллаларда яшовчи, уй-жойлари бузилишга тушган оилаларга уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиб берилиб, янги аҳоли яшаш пункти ташкил этилган. Янги аҳоли яшаш пункти ташкил этилиб, фуқаролар кўчиб келиши натижасида аҳоли сонининг ортиб борганлиги ҳисобга олиниб, 2020 йил 15 июнда “Нурафшон” маҳалласи иккига бўлиниб, “Бунёдкор” маҳалласи ташкил этилган. Ҳозирги кунда “Бунёдкор” маҳалласида 525 та хонадон, 726 та оила, 2555 нафар фуқаро истиқомат қилади.
Ижтимоий тармоққа юкланган видеолавҳада акс эттирилган жой янги ташкил этилган аҳоли яшаш пунктида жойлашган кўча бўлиб, ушбу кўчага ҳозирги кунда аҳоли тўлиқ кўчиб келмаган. Шу сабабли аҳолига тегишли уй-жойлар атрофи ва ер майдонлари тартибга келтирилмаган.
Ички йўллар: “Бунёдкор” маҳалласида 2018-2021 йилларда янги аҳоли яшаш пунктига уй-жойлар қуриб, кўчиб келган кўчаларга босқичма-босқич жами 26,2 км тупроқ йўлларга шағал ётқизилиб таъмирланган. Видеолавҳада кўрсатилган кўчанинг ички йўлларини таъмирлаш ишлари 2022 йил I чорагида амалга ошириш режалаштирилган.
Электр энергияси таъминоти: Маҳалла ҳудудида 2018-2021 йиллар давомида аҳолини электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 5 та трансформатор пунктлари янгидан қурилиб, жами 13,7 км электр узатиш тармоқлари тортилган ва бетон устунлар ўрнатилган. Туман электр тармоқлари корхонасининг 2022-2026 йиллар мўлжалланган дастурига асосан 2022 йилда “Бунёдкор” маҳалласида 1 дона трансформатор пункти қуриш ва 5,5 км янги ҳаво электр узатиш тармоғи қуриш режалаштирилган. Ушбу ишларни амалга ошириш ҳисобига маҳалладаги барча хонадонларга электр энергияси етказиб берилиши таъминланади.
Суюлтирилган газ таъминоти: Янги ташкил этилган аҳоли яшаш пунктига кўчиб келган аҳолини суюлтирилган газ балонлар билан таъминлаш мақсадида 2018-2021 йиллар давомида 793 дона маиший газ балонлари тарқатилган ва режа-график бўйича ойма-ой газ балонлари суюлтирилган газ билан тўлдириб берилмоқда. Аҳолини суюлтирилган газ билан мунтазам таъминлаш мақсадида бир ойда 8,8 тонна суюлтирилган етказиб бериш режалаштирилган бўлсада, 15 сентябрь куни “Бунёдкор” маҳалласи аҳолиси учун 14,3 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган. Шунингдек, режа-график бўйича 15 октябрь куни “Бунёдкор” маҳалласи учун суюлтирилган газ балонлари етказиб бериш амалга оширилади.
Ичимлик суви: “Бунёдкор” маҳалласи аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2019 йилги Инвестиция Давлат дастури доирасида 2,3 млрд. сўм қийматдаги 2 дона сув қудуғи ҳамда 1 дона сув тўплаш ва тарқатиш иншооти қуриш лойиҳаси амалга оширилган. Лойиҳа доирасида 8,3 км сув қувури тортилиб, ҳозирги кунда аҳолига ичимлик суви етказиб бермоқда.
“Бунёдкор” маҳалласидаги янги ташкил этилган аҳоли яшаш пунктини ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш мақсадида вилоят маҳаллий бюджетидан 4 млрд. 383 млн. сўмлик лойиҳа ишлаб чиқилган ва 33,5 км сув қувури тортиш белгиланган. Ҳозирги кунда ушбу лойиҳанинг 3 млрд. 490 млн. сўми молиялаштирилган бўлиб, 29 км сув қувурлари тортилган.
Видеолавҳада акс эттирилган кўчага сув қувурлари тўлиқ тортилган бўлиб, аҳоли тўлиқ кўчиб келмаганлиги учун сув қувурлари сув иншоотига (Колодсларга) уланмаган. Ишчи гуруҳ томонидан ўраниш олиб борилганда, лойиҳани амалга ошираётган пудрат ташкилоти томонидан бир ҳафта муддатда ушбу кўча аҳолиси ичимлик суви билан таъминланиши маълум қилинди.
Термиз туман ҳокимлиги Ахборот хизмати
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024