Республикамизда аҳолини рўйхатга олиш бизга нима беради?
Аввало, аҳолининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби (барча аҳоли пунктлари бўйича), оилавий аҳволи, маълумоти, касби, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, бандлиги ва ишсизлиги, даромад манбалари кабилар бўйича батафсил маълумот тўпланади.
Бинобарин, мазкур кўрсаткичлар орқали аҳоли жон бошига тўғри келадиган макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳисобланади. Ўз навбатида, юртдошларимиз миграцияси тўғрисида аниқ маълумотлар шакллантирилади.
Бундан ташқари, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқиш имконияти кенгаяди.
Чунончи, аҳоли пунктлари инфратузулмасини яхшилаш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва самарали жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурларни ишлаб чиқишда бу маъулотлар ниҳоятда қўл келади. Шунингдек, аҳолини рўйхатга олиш натижасида миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш кўрсаткичларини шакллантириш ва мониторингини юритиш, халқаро ташкилотлар ва фойдаланувчилар таҳлиллари учун кенг қамровли ахборотлар манбаи яратилади.
Рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?
Мазкур жараён уч босқични қамраб олади. Биринчиси – тайёргарлик босқичи. Бу уч йилга яқин вақт давом этади.
Тайёргарлик жараёнидаги энг муҳим масала, аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида фаол иштирок этиши бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.
Иккинчиси – асосий босқич. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва рўйхатга олиш материаллари топширилади. Мазкур жараён тахминан икки ой давом этади.
Мамлакатимизда 2023 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбири анъанавий усулда, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан ҳудудларда уйма-уй юрган ҳолда, юзма-юз суҳбат асосида, қоғоз шаклидаги рўйхатга олиш варақаларини тўлдириш орқали амалга оширилади.
Қарийб уч йил чўзиладиган сўнгги босқичда эса олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил этилиб, натижалар расман эълон қилинади. Рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилади.
Рўйхатга олувчиларни танлаш масаласи ҳам ниҳоятда долзарб. Чунки маълумотларнинг тўғрилигига улар бевосита масъул. Бу жараёнга жалб этиладиган ходимлар турли ёшда ва ҳар хил касб эгалари бўлиши мумкин. Шунга қарамай, тадбирга, биринчи навбатда, Давлат статистика қўмитаси ва унинг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари ходимлари, статистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар, магистрлар, шунингдек, таянч докторантлар жалб этилиши мақсадга мувофиқ.
Аҳолини рўйхатга олувчилар учун услубий қўлланмалар ва видео дарсликлар ишлаб чиқилади ҳамда қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади. Зарур ҳолларда, уларга қўшимча маслаҳатлар берилади.
Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга ҳамда маълумотларни қайта ишлашга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади. Жараённи давлат бюджети маблағлари ва қонун билан таъқиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.
Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, якуний маълумотлар уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) эълон қилиниши белгиланган. Чора-тадбирлар дастурига асосан 2025 йил 1 декабрига қадар аҳолини рўйхатга олиш натижалари расман чоп этилади ва эълон қилинади ҳамда аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотлари архивда сақлаш учун тайёрланади.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024