Йўл, кўприк қуриш, сув тортиб келиш савобли ишлардан ҳисобланади. Кейинги йилларда юртимиздаги барча маҳаллаларда ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Термиз туманида 29 та маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, жорий йилнинг ўзида 2 та маҳаллада “Обод қишлоқ” дастури, 4 та маҳаллада оғир ҳудудда жойлашган маҳалларда ободонлаштириш дастурлари орқали бунёдкорлик ишлари олиб борилди ва ишлар давом этмоқда.
Бундан ташқари ҳар бир маҳаллада ички йўлларни таъмирлаш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, ижроси давом эттирилмоқда. Жумладан, жорий йилда туман ҳокимлиги ташаббуси билан дастурлардан ташқари “Қаҳрамон” маҳалласидаги мавжуд 12,5 км ички йўлларнинг бир километрга яқини асфалтланиб, тупроқ йўлларни тошлаш ишлари олиб борилмоқда.
Куни-кеча маҳалладаги Шодлик ва Янгиҳаёт кўчаларини боғловчи кўприкни янгидан қуриш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирда кўприк асосини ўрнатиш ва бетон қуйиш ишлари давом этмоқда. Йил якунига қадар маҳаллада йўлларни таъмирлаш, кўприклар қуриш, зовурларни тозалаш ҳамда бошқа ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилади.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024