Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Термиз тумани ҳокимлиги
ТЕРМИЗ ТУМАН АҲОЛИСИГА МУРОЖААТ

Термиз тумани ҳокими Шухратжон Бекмахматович Уриновнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан мамлакатимизни янада яшил оламга айлантириш, иқлимни мўтадиллаштириб, фуқаролар саломатлигини табиатнинг мусаффо инъомлари билан асраб-авайлашга қаратилган - “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида эълон қилинган “Долзарб 40 кунлик”да ҳар бир ватандошимизнинг мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш, парваришлашда фаол иштирок этишларига қаратилган
ТЕРМИЗ ТУМАН АҲОЛИСИГА МУРОЖААТИ

 

Ассалому алайкум!

Ҳурматли воҳадошлар ҳамда туманимиз аҳли!

Аввало, атроф-муҳит, табиат мусаффо, кўча ва ҳиёбонларимиз яшил маконга айлансагина, инсон тетик ва соғлом, кундалик юмуши ва фаолиятида файзу-барака бўлади.

Сайёрамизда экологик вазиятнинг бузилишига, мамлакат фуқароларининг саломатлигини, ҳар бир хонадонларимизнинг кўркамлигини оширишга бефарқ бўлмаган Муҳтарам Президентимиз жорий йил 2 ноябр куни аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказган йиғилишларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб бердилар.

Ушбу лойиҳа ижросини таъминлаш баробарида 2 ноябрдан 10 декабрга қадар мамлакатимиз бўйлаб дарахт экиш, юртимизни боғ-роғга айлантириш бўйича “Долзарб 40 кунлик” эълон қилиниб, ушбу лойиҳа доирасида йилига бир миллиондан ортиқ дарахт ва бута кўчатларини экишни олдимизга мақсад қилиб олдик.

Айни кунларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини тадбиқ этиш мақсадида туманимизда ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг куз ва 2022 йилнинг баҳор мавсумларида кўкаламзорлаштириш, мевали дарахт ва бута кўчатларини экиш ишларини тизимли, уюшқоқлик билан ташкил қилиш бўйича режа-тадбирларни белгилаб олдик.

Жорий йилнинг ноябр-декабр ойларида 403,0 минг туп, 2022 йил баҳор мавсумида 663,0 минг туп, жами лойиҳа доирасида 1 миллион 66 минг туп кўчат экишни режалаштирганмиз. Бугунги кунгача “Долзарб 40 кунлик”да 302 мингдан ортиқ кўчатлар экилди. Шундан умумфойдаланишдаги автомобил йўллари ёқасига 3 минг туп, қишлоқ хўжалиги ерларида иҳота дарахтзорлар барпо этиладиган ерларда 94 минг туп, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар ҳовлиларига ва ички йўллар ёқаларига 200 минг туп, туман ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги ҳудудларга 5 минг туп турли дарахт ва бута кўчатлари экилди.

Туман марказида экилган дарахт кўчатларини суғориш учун тизимли равишда суғориш тизимларини тортиш ишлари амалга оширилди. Бунда туман марказига экилган дарахт кўчатларини суғориш тизимлари билан таъминланишига эришилди. Бошқа ҳудудлардаги кўчатларни суғориш мақсадида сув ресурсларидан оқилона фойдаланган ҳолда сувни режали тартибда тақсимлаш белгиланди.

Ишни сифатли ва самарали олиб бориш мақсадида мутахассисларни жалб қилган ҳолда кўчат ҳамда қаламчаларни етказиб бериш, экиш ишларини мувофиқлаштирувчи туман ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ишчи гуруҳи бевосита кўчатларни экиш ва йил давомида тўлиқ униб чиқиши ва парвариш қилишни назорат қилиб боради. Суғориш ишлари юзасидан муаммоларни бартараф этиш чораларини кўради. Пайҳон қилинишидан асрашда ташаббус кўрсатади, масъулларни ҳамда аҳолини дахлдорлик тушунчасини оширади.

Айни кунда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман инспексияси, тегишли корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкилот, корхона ва муассасалар, маҳаллалар, қишлоқлар, аҳоли яшаш манзиллари, ҳовлилари атрофи, ҳиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабристонларга, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларида, ҳамда ўрмон фонди ерларида манзарали дарахтлар ва бута кўчатларини экиш тадбирлари жадал давом эттирилмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг бу ташаббуслари фарзандларимиз ва кенг жамоатчиликнинг атроф муҳитга бўлган меҳр-муҳаббатини янада оширишига ишонаман.

Муҳтарам нуронийлар, отахон ва онахонлар!

Сизлар кўпни кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган пиру бадавлатларимизсиз. Ҳамма вақт хайрли ва савобли ишларда ўз ўгитингиз ва маслаҳатларингиз билан элимизга, хусусан, ёшларимизга ҳам ибрат, ҳам бош-қош бўлиб келгансиз. Ўйлаймизки, бу файзли тадбирда ҳам шахсий намунангизни, тажриба ва маҳоратингизни дариғ тутмайсиз.

Қадрли ёшлар, қалби олов йигит-қизлар!

Сизлар Термиз тумани истиқболининг эгаларисиз. Президентимиз ташаббуслари қаноти остида зўр ғайрат-шижоат билан жўшқин меҳнат қилсангиз, келажакда ўзингиз орзу қилгандек, жаҳонда номдор, тараққий этган Янги Ўзбекистонни барпо этишга катта ҳисса қўшган бўласиз. Энг муҳими, Сиз халқимиз ишонган катта кучсиз. Шундай экан, жонажон Ватанимизни яшил маконга айлантириш кўп жиҳатдан Сизга, сизнинг масъулиятингизга боғлиқ эканлигини унутманг!

Ҳурматли маҳалла, корхона, ташкилот ва муассасалар, ҳудудлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркорлар, боғбон-у соҳибкорлар!

Халқимизда “Яхшидан боғ қолади...”, “Бирни кессанг, ўнни эк” деган нақллар бор. Бу ҳикматлар замирида катта маъно ва моҳият мужассам эканлигини яхши биласиз. Чунки ўз ҳудудингизда мавжуд дов-дарахтларга ишлов бериш, хатосини тўлдириш, манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экиб, янги яшил қаторларни шакллантириш асосан сизнинг салоҳиятингиз, ташкилотчилигингиз билан амалга оширилади.

Шунинг учун бутун аҳолини, хусусан, меҳнат жамоаларини умумхалқ ҳашарига жалб этган ҳолда кўкаламзорлаштириш ишларининг маромида, сифатли амалга оширилишига бош-қош бўлиш зиммангиздаги асосий вазифадир.

Азиз юртдошлар, туманимизнинг танти ва меҳнаткаш аҳолиси!

Мамлакатимиз аҳолиси ҳамда ташаббускор ёшлар қалбида табиатни асраб-авайлашга, меҳнатга бўлган муҳаббатни янада оширган ушбу “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бутун дунё халқларини сергакликка чорлаши, дунёда экологик вазиятни барқарорлаштириш, инсонлар саломатлигини муҳофаза қилиш энг долзарб ва аҳамиятли вазифаларимиздан биридир.

Она ватанимиз эса мана шундай гўзал яшил маконлари, виқорли тоғлари, табиати, шириндан-шакар мевалари, гўзал боғлари, ҳароратли қуёшли тафти, меҳнаткаш, бағри кенг, сахийликда тенги йўқ халқи билан дунё халқлари эътирофида эканлиги билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Зеро шундай экан, уй-жойларимизни, кўча ва ҳиёбонларимизни янада обод, кўркам қилиш, экологияни асраб авайлашга қаратилган, умуммиллий лойиҳа доирасида халқимизни бирлаштирган муҳим “Долзарб 40 кун”ликда Термиз тумани аҳолисини ўзининг яшаш жойидаги ҳудудларни яшил оламга айланишига ўз ҳиссаларини қўшишга чорлайман!

Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, табиатимиз эса доимо яшиликка буркансин азизлар.

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 10 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс