Аҳолини рўйхатга олиш, аввало, давлат ёки ҳукумат эмас, балки жамиятнинг ўзи учун зарур бўлиб, у вақти-вақти билан ўз-ўзини кўзгуда кўриш орқали ривожланиш натижаларини баҳолаш имкониятидир. Рўйхатга олишда қатнашаётган ҳар бир фуқаро ўзи ҳақидаги маълумотларни тақдим эта туриб, ўзлари мансуб бўлган кишилар гуруҳига тегишли ижтимоий дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этади.
Мисол учун, ишсизларнинг сўровномадаги жавоблари меҳнат бозорини ўрганиш ва айнан керакли жойда янги иш ўринлари яратиш имконини берса, болалар сони тўғрисидаги маълумотлар мактаб, мактабгача таълим муассасалари ва шу каби муассасалар қурилиши режаларини тузишда қўл келади. Ёш ҳақидаги маълумотлар пенсияга чиқадиганлар сони, уларнинг пенсия тўловлари учун зарур бўладиган маблағларни жамғариб бориш имконини беради. Ҳар йили мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари ёки олий таълимга қабул қилинадиган ёшлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам худди шундай шаклланади. Яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар эса ҳар биримизнинг уйимизгача келадиган йўллар қурилиши, коммуникациялар билан таъминлашни режалаштириш учун зарур.
Мамлакатимизда синов тариқасида жорий йилдан бошланган аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари 2023 йилда ўтказиладиган рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўришнинг муҳим босқичи ҳисобланади. Мазкур амалиёт услубий, техник ва ташкилий масалаларни қайта кўриб чиқиш имконини бергани боис, унда қанча кўп респондентлар (аҳоли) қатнашса, шунча кўп камчиликларни аниқлаш ва тузатишга шароит туғилади ва республика даражасида бўладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг сифатли ва самарали ўтказилиши таъминланади.
Мазкур ишларни сифатли ташкил этиш мақсадида жойларда махсус гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, жараёнлар аниқ ва тизимли йўлга қўйилади. Рўйхатга олувчилар ишини мувофиқлаштириш учун ҳар бир инструкторлик участкасида 1 нафар инструктор ва 1 нафар стационар рўйхатга олувчи фаолият юритади. Уларнинг ишини рўйхатга олиш участкаси ходимлари назорат қилади.
Яшаб турган хонадонида (жойида) рўйхатдан ўтишни истамаган респондентларинструкторлик участкасида фаолият юритувчи стационар рўйхатга олувчи ходимларга мурожаат қилиб, рўйхатдан ўтишларимумкин бўлади. Туман ва шаҳар миқёсида аҳолини рўйхатга олиш ишларини назорат қилиш учун ҳудудларда аҳолини рўйхатга олиш бўлимлари ташкил этилади. Жараён якунига етказилгандан сўнг ҳудудий статистика бошқармалари қошида Аҳолини рўйхатга олишнинг бирламчи маълумотларини электрон базага киритиш марказлари ташкил этилади.
Ушбу тадбирларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, улар орқали нафақат ўзимиз, балки келажак авлод учун муҳим маълумотларни тўплашга эришамиз. Аҳолини рўйхатга олиш натижалари мамлакатимизнинг кейинги демографик ва ижтимоий сиёсатини белигилаш билан бирга, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозлари ҳамда дастурларини тузишда кенг қўлланилади. Кейинги ўн йилликка мўлжалланган оилаларни қўллаб-қўвватлашга қаратилган ижтимоий дастурларни шакллантириш, шифохоналар, болалар боғчалари, мактаблар ва уй-жой қурилишини режалаштиришда фойдаланилади.
Рўйхатга олиш натижасида шакллантириладиган мамлакатдаги иш берувчилар ҳақидаги маълумотлар хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва рағбатлантиришга йўл очади. Бизнес вакиллари рўйхатга олиш маълумотлари орқали меҳнат ҳамда истеъмол бозорининг ҳолатини баҳолаш, талаб ва таклифлар эҳтиёжини аниқлаш имконига эга бўлади. Бир сўз билан айтганда, аҳоли тўғрисида тўпланадиган маълумотлар барча соҳаларни ривожлантириб, мамлакатни янада тараққий эттиришга, жаҳон майдонида Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфасини акс эттирувчи омил бўлиб хизмат қилади.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024