Соғлом турмуш тарзини кенг тадбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш ҳамда китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан республика 3-секторларида яшовчи оилалар ўртасида Ички ишлар вазири соврини учун “Соғлом ва баркамол оила” шиори остида спорт мусобақалари ва китобхонлик беллашувлари бўлиб ўтмоқда.
Бугун Термиз туманида Ички ишлар вазири соврини учун Термиз тумани 3-секторида яшовчи оилалар ўртасида “Соғлом ва баркамол оила” шиори остида “Энг яхши маънавий етук оила” китобхонлик беллашуви ҳамда “Энг яхши соғлом ва баркамол оила” спорт мусобақаларининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирни Термиз туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Муҳиддин Амонтўраев очиб берди ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини ҳамда китобхонликни тарғиб қилиш ёш авлоднинг соғлом ва маънавиятли бўлиб камол топишида муҳим рол ўйнашини таъкидлаб, мусобақаларда иштирок этаётган оилаларга омад тилади.
Китобхонлик беллашувида маҳалла саралаш босқичида ғолибликни қўлга киритган 7 та оила иштирок этди. Китобхон оилаларнинг ўзаро беллашувларида “Нурафшон” маҳалласи вакили бўлган Абдураҳмановлар оиласи биринчиликни қўлга киритди.
“Энг яхши соғлом ва баркамол оила” спорт мусобақаларида 3-сектордаги 7 та маҳаллада ўтказилган саралаш босқичида ғолибликни қўлга киритган 7 та оила спортнинг бир нечта тури бўйича ўзаро куч синашишди. Мусобақалар якунида “Учқизил” маҳалласи вакили бўлган Янгибоевлар оиласи биринчи ўринни эгаллашди.
Ғолиблар 3-сектор раҳбарияти томонидан қимматбаҳо совғалар ва диплом билан тақдирланди ҳамда вилоят босқичида иштирок этиш учун йўлланмалар топширилди.
© Термиз тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024